Норинда ер талашганлар ўртасида юз берган отишмада маҳаллий аҳолидан олти киши яралангани тўғрисида вилоят милицияси маълум қилди. Расман билдирилишича, 7 июль куни соат 11 лар чамасида Норин туманининг Хутор-Ак-Таала қишлоғида яшовчилардан бирининг уйини ўнлаб одам тошбўрон қилаётгани ва ўқ отилаётгани тўғрисида маълумот келиб тушган.
“30-40 киши ҳамқишлоғи К.Б., нинг уйи деразаларини ва дарвозасини тошбўрон қилган. Шундан кейин унга тегишли бўлган “Субару-Аутбек” автомашинасига ўт қўйишган. К.Б., уйидаги ўқотар қурол билан оломонга қарата ўқ узган. Натижада олти киши турли даражадаги жароҳатлар билан вилоят касалхонасига ётқизилган",-деб билдирди Норин вилоят милицияси.
Яраланганлардан уч нафарининг аҳволи оғир эканлиги, улар жарроҳлик амалиётидан ўтказилгани айтилди.
Маълум бўлишича, ер талашаётган қишлоқдошлар бир-бирларининг устиларидан ариза ёзиб, турли органларга мурожаат қилишган. Аммо бундан натижа бўлмагач, ер талашаётган томонлар ўзаро сўзлашиш учун йиғилган. Бу йиғилиш жанжалга айланиб кетган.
Айни пайтда мазкур воқеа юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Қишлоқда вазиятни барқарорлаштириш чора-тадбирлари кўрилмоқда.