Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 6 ноябрь куни Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ) саммитидаги нутқида ўртоқ туркий ёзувнинг аҳамиятини урғулади, дея хабар қилди Қирғизистоннинг 24.kg агентлиги.
“Бизнинг умумий алифбомиз келажакни биргаликда барпо этишимизнинг яна бир белгиси саналади. Туркия, Озарбайжон ва Шимолий Кипр ўртоқ туркий алифбога ўтишга тайёр. Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон ва Туркманистон ҳам янги алифбога ўтиш йўлини тутса, мақсадга мувофиқ бўларди”, деган Туркия президенти.
Озодлик аввалроқ ТДТ мамлакатлари ҳарфлар ва диакритик белгилар борасидаги кўп йиллик келишмовчиликларни енгиб ўтиб, 34 ҳарфдан иборат ўртоқ лотин алифбосини қабул қилишга келишгани ҳақида хабар қилганди.
Ўртоқ алифбо бўйича мунозаралар 1990-йиллар бошларида, Совет Иттифоқи парчаланганидан сўнг Туркия Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон ва Ўзбекистон каби туркий давлатлар билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга интилган пайтда бошланган.
34 ҳарфли ўртоқ ёзувнинг якуний вариантини тайёрлаган олимлар бу алифбо ушбу мамлакатларда қўлланадиган туркий тилларнинг ўзига хос хусусиятларини акс эттиришини таъкидлашади. Аммо таҳлилчилар Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари “Кремль омили” туфайли умумий алифбога ўтишга ҳассос масала сифатида қарашларини айтишади.
ТДТ таркибига Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркия ва Озарбайжон киради. Туркманистон, Венгрия ва тан олинмаган Шимолий Кипр давлати мазкур ташкилотда кузатувчи мақомига эга.