Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз мамлакати фаластинликларга ёрдам бериш учун ўтмишда Ливия ва тан олинмаган Тоғли Қорабоғга киргани каби Исроилга ҳам кириши мумкинлигини билдирди. Айни пайтда Туркия раҳбари бу аралашув айнан қандай бўлиши мумкинлигига аниқлик киритгани йўқ, дея қайд этган Reuters агентлиги.
Авваллари Исроилнинг Ғазо секторидаги ҳужумини кескин танқид қилиб келган Эрдўғон бу урушдаги воқеалар ҳақида Туркия мудофаа саноатини мадҳ этувчи нутқида гапира бошлаган. Бу нутқни у 28 июль куни “Адолат ва тикланиш партияси”нинг Риза шаҳридаги мажлисида ирод қилган.
“ Исроил Фаластинда бу каби бемаъни ишларни содир этмаслиги учун биз жуда кучли бўлишимиз керак. Биз Қорабоғга қандай кирган бўлсак, Ливияга қандай кирган бўлсак, шунга ўхшашини уларга нисбатан ҳам қилишимиз мумкин”, дея таъкидлаган Эрдўғон.
Ҳукмрон партия вакиллари якшанба куни Эрдўғоннинг бу сўзлари юзасидан кўпроқ маълумот бериш илтимосини жавобсиз қолдиришган.
2020 йили Анқара БМТ томонидан тан олинган Ливия миллий муроса ҳукуматини дастаклаш учун ўз ҳарбийларини бу мамлакатга йўллаган эди. Тоғли Қорабоғга келинса, Туркия Озарбайжоннинг бу минтақадаги ҳарбий амалиётларида ўз қўшинларининг бевосита иштирокини рад этиб келган. Айни пайтда ўтган йили турк расмийлари ўзининг яқин иттифоқчисини дастаклаш учун ҳарбийларни тайёрлаш ва армия модернизациясига ёрдам дохил барча воситалар ишга солаётганларини билдиришган эди, деб ёзган Reuters.
2023 йил 7 октябрида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб топилган) Исроил жанубига ҳужум уюштирган. Ўшанда 1200 дан зиёд киши қурбон бўлган. Бунга жавобан Исроил Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ҳарбий амалиёт бошлаган.
Ғазодаги тўқнашув манзарасида Ливан ҳудудида бўлган “Ҳизбуллоҳ” радикал гуруҳи жангарилари ва исроиллик ҳарбийлар чегара бўйлаб бир-бирларининг мавқеларини ўққа тутишган.