Россия президенти Владимир Путин ва Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Сурия шимолидаги можаро дипломатик йўл билан ҳал этилиши лозим, деган фикрдалар. Икки лидер бу мамлакатда жанговар ҳаракатлар қайта бошланганини 3 декабрь кунги телефон мулоқоти чоғида муҳокама қилишган.
Мазкур мулоқот ортидан Эрдўғон девонхонаси тарқатган баёнотда: “Президент Эрдўғон, гарчи Туркия Сурия ҳудудий яхлитлигини дастаклашда давом этаётган бўлса-да, у Сурияда адолат ва барқарор вазият ўрнатилишига ҳам интилаётганини урғулади”, дея қайд этилган.
Эрдўғонга кўра, Анқара Туркия ва АҚШда террор ташкилоти ўлароқ тан олинган Курдистон Ишчи партиясига (КИП) кескин курашини давом эттиради.
Эрдўғон билан Путин ўртасидаги суҳбат суриялик исёнчилар ўтган ҳафтада Ҳалабни эгаллаб олганларидан кейин ҳукумат қўшинларига қарши ҳужумни давом эттираётган кунларга тўғри келди. 3 декабрь куни исёнчилар Хама шаҳрига яқинлашишди, дея маълум қилди Сурия инсон ҳуқуқларига риоя қилиш мониторинг маркази.
Марказ сешанба куни исёнчиларнинг шимолдаги ҳужумларида қурбон бўлганлар сони 600 дан ошгани, улар орасида 104 нафари тинч аҳоли вакиллари эканини билдирган.
Путин Эрдўғон билан суҳбатда “радикал гуруҳларнинг Сурия давлатига қарши террористик тажовузи имкон қадар тезроқ тўхтатилиши” лозимлигини таъкидлаган. Икки лидер бу масала бўйича Россия, Туркия ва Эрон ўртасида бундан буён ҳам тиғиз мувофиқлаштирув муҳимлигини қайд этишди, дейилган Кремль баёнотида.
Суриядаги можарода Москва ва Теҳрон Туркия билан тўқнашган. Анқара Ҳайъат Таҳрир уш-Шом (ҲТШ) раҳбарлиги остида ҳужумда иштирок этаётган қуролли гуруҳларни дастаклаб келади. Бу сунний гуруҳ Сурияда шариатга асосланган давлат тузиш ниятида.
Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи 3 декабрь куни Қатар нашрига берган интервьюсида, агар Дамашқ илтимос қиладиган бўлса, Теҳрон Сурияга қўшин йўллаш имкониятини кўриб чиқишини билдирган.
Ироқ бош вазири Шиа ас-Суданий Бағдод бунга “бир четдаги томошабин” бўлиб қараб турмаслигини қайд этган.