Миср ўзининг барча авиаширкатларига 8 август тонгида уч соат мобайнида Эрон ҳаво ҳудудидан учиб ўтмаслик ҳақида топшириқ берди. Мазкур буйруқ Эрон билан Исроил ўртасидаги муносабатлар таранглашгани билан боғлиқ, дея хабар қилди Reuters агентлиги.
Учувчиларга 7 август куни йўлланган хавфсизлик тўғрисидаги огоҳлантирувда чеклов Гринвич бўйича соат 01:00 дан 04:00 гача амал қилиши айтилган. Унда огоҳлантирувга оид қўшимча тафсилотлар келтирилмаган.
“Мисрнинг барча авиаширкатлари Теҳрон узра парвоз қилишдан қочиши керак. Мазкур ҳудуд учра узиб ўтишга оид парвоз режаларининг биронтаси қабул қилинмайди”, дейилган огоҳлантирув хатида.
Миср Фуқаро авиацияси вазирлиги чоршанба оқшомида огоҳлантирув Эрон расмийларининг парвозлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича тавсияларини эътиборга олиш зарурати билан боғлиқлигини тасдиқлаган.
“Эрон ҳаво ҳудудидаги ҳарбий машқлар 7август куни Теҳрон вақти бўйича соат 11:30 дан 14:30 гача ҳамда 8 август куни соат 4:30 дан 7:30 гача ўтказилади”, дейилган Фуқаро авиацияси вазирлиги баёнотида.
Якшанба куни Иордания расмийлари учоқлари қироллик аэропортларига қўниши керак бўлган авиаширкатларнинг барчасидан учоқларга парвозлар қўшимча 45 дақиқа давом этиши мумкинлигини ҳисобга олган ҳолда ёнилғи қуйишни сўраган.
Иордания дохил минтақа мамлакатлари аввалроқ Эрон Исроил бўйлаб ракета зарбалари бериши эҳтимолидан келиб чиққан ҳолда ўз ҳаво ҳудудларини ёпган эди.