Эронда бир кунда уч аёл дорга осилди

Иллюстратив сурат.

Эрон ҳуқуқ фаолларининг билдиришича, 27 июль куни мамлакатда бир кунда уч аёл дорга осиш йўли билан қатл қилинган.

Бу аёлларнинг барчаси суд томонидан эрини ўлдирганликда айбдор деб топилган эди. Дорга осилган аёллардан бири ҳали балоғат ёшига етмай туриб турмушга берилган.

Сўнги бир ҳафта ичида Эронда камида 23 киши ўлим жазосига ҳукм қилинди. 2022 йил бошидан то шу кунгача 250 нафардан кўпроқ киши дорга осилган. Бу ўтган йилнинг мос даврига солиштирилганда икки баробарга кўпдир.

Ҳуқуқ фаоллари бу ҳолатни “инсон умрига тажовуз қилиш”га тенглаштирмоқда. Вашингтондаги Эрон инсон ҳуқуқлари ташкилоти ва Лондондаги Amnesty International халқаро ташкилоти қўшма ҳисоботида таъкидланишича, дорга осилганлар сони бундан ҳам кўп бўлиши эҳтимол. Ҳисоботга фақат аниқ тасдиқланган маълумотлар киритилган.

Amnesty International вакили Дайана Элтахэви 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Эронда ўртача ҳисоб билан ҳар куни бир киши дорга осилганини айтди.

Ҳисоботда қайд этилишича, бугунги кунда жаҳоннинг 144 давлатида ўлим жазоси бекор қилинган.