Исроил армияси 1 октябрь оқшомида Эрон Исроил ҳудудига ракеталар билан зарба бергани ҳақида маълум қилди. Тинч аҳоли вакилларига пана жойларга яшириниш буюрилган.
“Бир муддат олдин Эрондан Исроил давлати томонга ракеталар учирилган. Қўмондонлик мамлакатнинг турли ҳудудларида аҳолини қутқариш учун қўлланма тарқатди. ЦАХАЛ тинч аҳоли ҳимояси учун зарур бўлган барча чораларни кўрмоқда”, дейилган Исроил ҳарбийлари томонидан ёйинланган илк хабарномалардан бирида.
Эрон давлат телевидениеси томонидан ёйинланган Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) баёнотида Исроил тарафига “ўнлаб ракета” учирилгани, зарба нишони Тель-Авив атрофидаги учта ҳарбий база экани айтилган. ИИПК, агар Исроил бу ҳужумга жавоб бергудек бўлса, Теҳрон янги ҳужумни амалга оширишидан огоҳлантирган. Эронлик юқори лавозимли мулозим Reuters агентлигига ракета отиш ҳақидаги буйруқ мамлакат олий раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаий томонидан берилганини билдирган. “Унинг ўзи хавфсиз ерда”, дея қўшимча қилган Reuters суҳбатдоши.
Эрон раҳбарияти Исроилга берилган ракета зарбасини АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган Ғазодаги ҲАМАС гуруҳи ҳамда Ливандаги “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи лидерлари ўлими учун қасос деб атаган. “Ҳизбуллоҳ” қуролли гуруҳ бўлиш билан бирга сиёсий партия ҳам бўлиб ҳисобланиб, у Ливан жанубидаги шиа мазҳабига мансуб аҳоли яшовчи ҳудуднинг катта қисмини назорат қилади.
ЦАХАЛ (Исроил армияси) вакили Даниэль Хагари ҳарбийлар “мудофаа учун ҳам, ҳужум учун ҳам юксак жанговар ҳозирлик ҳолатида” эканини билдирган.
Бу ҳужумга жавоб қайтарилишини қайд этган Хагари: “Бизда режалар бор, биз қаерда ва қачон зарур деб билсак, ўша ерда ва ўша пайтда ҳаракатга киришамиз”, дея урғулаган. У Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари Яқин Шарқ минтақасида “тўла қувват билан ҳаракат қилиб, шиддатли зарбалар бериш”да давом этишини қўшимча қилган.
Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ракета зарбалари ҳақида гапира туриб, Эрон “катта хатога йўл қўйди ва бунинг учун товон тўлайди”, дея билдирган.
“Биз ўзимиз белгилаган қоидаларга риоя қиламиз: ким бизга ҳужум қилса, биз ҳам унга ҳужум қиламиз”, деган Нетаняҳу чоршанбага ўтар кечаси Исроил ҳукумати мажлисини оча туриб.
Эроннинг ISNA ахборот агентлиги 1 октябрь оқшомида Эрон Исроилга ҳужум ортидан Теҳрон узра ҳаво ҳудудини ёпиб қўйгани ҳақида хабар қилди. Эрон пойтахти аэропортидаги рейслар чоршанба куни соат 10 гача бекор қилинган.
Исроил армияси радиоси маълумотига кўра, Эрондан Исроилга жами 200 га яқин ракета учирилган. Кейинроқ ЦАХАЛ Исроил томонидан тақрибан 180 та ракета отилганини қайд этган. Иддаога кўра, ракеталарнинг катта қисми Исроил кучлари томонидан АҚШ қўмондонлиги билан ҳамкорликда уриб туширилган. Яқин Шарқ минтақасида қўним топган АҚШ эсминецлари яқинланиб келаётган Эрон ракеталарига қарши тутувчи ракеталар учириб, Исроил мудофаасини дастаклади, дея маълум қилган АҚШ ҳукумати.
Ишлаётган ҳавога қарши мудофаа тизими овозлари Қуддус, Тель-Авив, Ашкелон ва бошқа шаҳарларда эшитилиб турган.
Reuters агентлигининг Оқ уй Миллий хавфсизлик кенгаши маълумотига таянган ҳолда хабар қилишича, АҚШ президенти Жо Байден Қўшма Штатлар Қуролли кучларига Эрон ракеталаридан ҳимояланишда Исроилга ёрдам бериш ва Исроилга йўналган ракеталарни уриб тушириш ҳақида топшириқ берган.
Эроннинг ракета ҳужумлари давом этаётган пайтда Ўзбекистоннинг Исроилдаги элчихонаси бу мамлакатда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларга “тезкор эҳтиёт чораларини кўриш” тавсияси билан чиқди.
Элчихона Исроилдаги ўзбекистонликларга, жумладан ракета ҳужумлари пайтида тезлик билан бомба бошпаналарига кириш, Исроил ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини кузатиб бориш, Исроил фронторти қўмондонлиги билдиришномалари ва огоҳлантиришларига амал қилиш, шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо ўзи олиб юришни тавсия қилган.
Кейинроқ ЦАХАЛ ракета ҳужуми тугагани ҳақида хабар тарқатган. “Вазиятни баҳолаш якунларига кўра аҳолига бутун мамлакат бўйлаб ҳимояланган бошпаналарни тарк этишга рухсат беришга қарор қилинган”, дея қайд этган Исроил қўмондонлиги.
Исроил тезкор хизматларига кўра, Эрон томонидан уюштирилган ракета зарбалари натижасида бирор-бир кишининг жиддий жароҳат олганига оид маълумот келиб тушмаган. Исроил миллий тиббий хизмати вакиллари Тель-Авивда икки киши енгил жароҳат олгани, яна бир неча фуқаро пана жойга кетиш йўлида хавфли бўлмаган жароҳатлар олганини маълум қилишган.
Бунгача АҚШ президенти маъмуриятидаги манба Вашингтон Эрон томонидан Исроилга баллистик ракета зарбаси беришга ҳозирланаётгани ҳақида маълумотлар борлигини билдирган эди. АҚШ маъмурияти вакиллари Исроил ҳудудига бевосита ҳарбий ҳужум Теҳрон учун жиддий оқибатларга сабаб бўлишини урғулашган.
БМТ бош котиби Антониу Гутерриш Эрон Исроилга ракеталар отганидан кейин қилган чиқишида “эскалация ортидан эскалация”ни қоралашини айтган.
“Бу бас қилиниши керак. Бизга оташкесим мутлақо зарур”, дея урғулаган Гутерриш.
Исроилга қарши ҳужум Европа Иттифоқи раҳбарияти томонидан ҳам қораланган. Еврокомиссия раисининг ўринбосари Жозеп Боррель ЕИ Эроннинг Исроилга қарши зарбасини “қатъиян” қоралашини урғулаган.
“Ҳужумлар ва қасосларнинг хатарли давраси назоратдан чиқиб кетиши мумкин. Бутун минтақа бўйлаб зудлик билан ўт очиш тўхтатилиши зарур”, дея қўшимча қилган Боррель X ижтимоий тармоғи орқали ёйинланган постида.