Эроннинг Кирмонидаги портлашда юздан ортиқ одам ҳалок бўлди

Портлашда ҳалок бўлганлар ва ярадорларни автомашиналарга юклаш пайтида олинган фотосурат.

Эрон жануби-шарқидаги Кирмон шаҳри қабристонидаги 2020 йилда ҳалок бўлган Ислом инқилоб посбонлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний мақбараси яқинида содир этилган портлашда камида 103 киши ҳалок бўлди ва 140 киши яраланди. Бу ҳақда Озодликнинг Эрон хизмати хабар берди.

Портлаш Сулаймоний хотирасини ёд этишга бағишланган тадбир пайтида амалга оширилган. Бу тадбирда Инқилоб посбонлари корпуси вакиллари ва давлат амалдорлари иштирок этган ёки этмагани ҳозирча номаълум.

Хабарларда таъкидланишича, мақбарага элтувчи йўл атрофида камида икки марта портлаш бўлган. 3 январда бу ерда Сулаймоний ўлимининг тўрт йиллигини хотирлаш маросими ўтказилиши реажалаштирилган эди. Бу тадбирда иштирок этиш учун бир неча юз киши йиғилган.

Маҳаллий ҳукумат портлашларни теракт сифатида баҳолади. Ҳозирча портлаш учун масъулиятни ҳеч ким ўз ьзиммасига олмади.

Ислом инқилоб посбонлари корпусининг “Ал Қудс” бўлинмасига қўмондонлик қилган генерал Сулаймоний 2020 йилнинг 3 январида Бағдод шаҳрида президент Дональд Трамп кўрсатмаси билан АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди.

Сулаймоний қўмондонлиги остидаги бўлинма Эрон томонидан дастакланадиган ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига мадад бериб келган. Бу икки гуруҳ АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.