Эронда «ахлоқ полицияси» тарқатиб юборилди. Бу ҳақда мамлакат бош прокурори маълум қилди. Эронда сентябрь ойида 22 ёшли Маҳса Аминий полиция ҳибсхонасида вафот этганидан кейин бошланиб кетган норозилик намойишлари ҳануз давом этмоқда.
4 декабрь куни IRNA Эрон давлат ахборот агентлигида чоп этилган мақолада эътироф этилишича, бош прокурор Муҳаммад Жафар Мунтазарийдан нима сабабдан ахлоқ полицияси ёпилгани ҳақида сўрашганда, «ахлоқ полициясининг суд тизимига алоқаси йўқлигини» таъкидлаган.
Мунозарали ахлоқ полицияси патруллари 2006 йилда радикал президент Маҳмуд Аҳмадинажод даврида таъсис қилинган. Бу полиция мамлакатда исломий кийиниш қоидаларини, хусусан, аёллар ҳижоб ўрашини назорат қилиш учун ташкил этилган.
Браузерингиз HTML5 ни қўллаб- қувватламайди
Эркак аъзолари яшил формалари, аёл аъзолари эса чодири билан танилган ахлоқ полицияси дастлаб қоидабузарларга огоҳлантириш берган, бироқ тез орада қоидаларни бузгани иддао қилинган аёлларни ҳибсга ола бошлаган.
Бир кун олдин Мунтазарий парламент ва суд тизими аёллар жамоат жойларида ҳижоб ўрашини талаб қилувчи қонунни ўзгартириш масаласи кўриб чиқилаётганини айтган эди. Прокурор музокаралар натижаси «бир-икки ҳафта ичида маълум» бўлишини айтган.
3 декабрь куни Эрон ҳукумати Аминийнинг ўлимидан бери тинчимаётган намойишларда 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлганини маълум қилди.
Аммо Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Эрон ҳуқуқ ташкилотларига кўра, ўлганлар сони аслида 300 дан юқоридир. Ҳозирги норозилик намойишлари Эронда 1979 йил содир бўлган исломий инқилобдан бери юзага келган энг йирик норозилик тўлқинларидан биридир.
Хавфсизлик вазири ўринбосари Мажид Мираҳмадий 4 декабрь куни Эрон давлат телерадиокомпаниясига берган интервьюсида норозиликларнинг «асосий сабаби» иқтисодий эмаслигини таъкидлади.
«Бу муаммо, лекин асосий сабаб эмас», - деди Мираҳмадий.
«Бу адолатсизликка қарши норозиликдир».
Теҳрон Эрон душманларини мамлакатда фуқаролар урушини қўзғатиш мақсадида атайин тартибсизлик келтириб чиқаришда айбламоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 16 ноябрь куни Хузистон вилоятининг Эза ва Исфаҳон шаҳарларида мотоцикл миниб олган қуролли шахслар хавфсизлик кучлари ва тинч аҳолига қарата ўт очган, натижада Эзада етти, Исфаҳонда эса икки киши нобуд бўлган. Расмийлар бу ҳужумларни «террорчилик» деб аташмоқда.
26 октябрь куни Шероздаги Шоҳ Чераг мақбарасига уюштирилган ҳужумда 13 киши ҳалок бўлган эди. Ҳужум учун масъулиятни «Исломий давлат» экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олди.
Эроннинг иқтисодий масалалар бўйича вице-президенти Муҳсин Ризоий 18 ноябрь куни сўзлаган нутқида «аччиқ» воқеаларда Теҳрон душманларини айблади ва улар мамлакатда фуқаролар урушини келтириб чиқаришга уринаётганликларини даъво қилди.
«Шоҳ Чераг, Исфаҳон ва Эзадаги каби зўравонликларни амалга ошириб, Эронни Сурия ёки Ливанга айлантириб бўлмайди», - деди у.
Бундан бир кун олдин Эрон ташқи ишлар вазири Ҳусайн Амир-Абуллоҳён Исроил ва Ғарб давлатларини Эронда «фуқаролар урушини бошлаш» ҳамда мамлакатни «парчалаб юборишга» фитна қилишда айблади.
Амир-Абдуллоҳён Twitterда «Хавфсизлик хизматлари, (Исроил) ва Эронни вайрон қилиш ва парчалаш режаларини тузган Ғарб сиёсатчилари Эрон Ливия ёки Судан эмаслигини билишлари керак», деб ёзди, аммо ўз даъволарини тасдиқловчи бирор далил келтирмади.