Эрон ҳукумати Озод Европа/Озодлик радиоси мухбири Резо Ҳақиқатнажоднинг жасадини махфий равишда дафн этгани тўғрисида журналистнинг яқинларига Ислом инқилоби посбонлари корпуси маълум қилди. Аввалроқ журналистнинг жасади Шероз аэропортидан ўғирлаб кетилган эди.
Ислом инқилоби посбонлари корпуси вакили Ҳақиқатнажоднинг отасига гўёки ўғлининг қабри акс этган суратни тақдим этган. Аммо қабр қаерда экани сир сақланмоқда.
45 ёшдаги сиёсий шарҳловчи Резо Ҳақиқатнажод Озод Европа/Озодликнинг эрон хизмати бўлган “Фарда” радиосида 2019 йилдан бери ишлаб келаётган эди. У 17 октябрь куни Берлиндаги “Шарите” касалхонасида саратон касалидан вафот этди.
Унинг жасади Эронга расмий Теҳрон рухсати билан олиб борилган эди. Бироқ Ислом инқилоби посбонлари корпуси Шероз аэропортида Ҳақиқатнажоднинг жасадини ўғирлаб кетганди.
Озод Европа/Озодлик радиоси президенти Жейми Флай Эрон ҳукумати ҳаракатини “шармандали ва жирканчли” деб баҳолади. 28 октябрда АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Нед Прайс Эрон ҳукуматини журналист жасадини яқинларига қайтаришга чақирган эди. Прайс Ҳақиқатнажод жасадининг ўғирланиши ҳақида гапирар экан “Эрон ҳукумати журнлаистлардан уларнинг ўлимидан сўнг ҳам қўрқади”, деб айтди.
Эронда бир ойдан кўпроқ вақтдан бери “ҳижобни нотўғри кийгани” учун полицияга олиб кетилганидан сўнг вафот этган 22 ёшли Махси Аминий ўлимига норозилик сифатида намойишлар ўтказилмоқда. Норозилар Аминий ўлимида полицияни айбламоқда. Намойишларни тарқатиш пайтида 200 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.