Эрон парламенти аксилҳукумат намойишларини ёпиқ эшиклар ортида муҳокама қилди

Эрон парламенти 7 январь куни бир ҳафтадан бери тинчимаётган аксилҳукумат намойишлар бўйича махсус сессия ўтказди. ISNA хабар агентлиги ёпиқ эшиклар ортида ўказилган йиғинда ички ишлар вазири, Эрон разведка хизмати етакчиси ҳамда хавфсизлик кенгачи етакчиси иштирок этганини билдирди.

Ислоҳот тарафдори бўлган депутатлар ташаббуси билан ўтказилаётган сессия давомида намойишлар сабаби кўриб чиқилди.

ISNA хабар агентлиги ёпиқ эшиклар ортида ўказиладиган йиғинда ички ишлар вазири, Эрон разведка хизмати етакчиси ҳамда хавфсизлик кенгачи етакчиси иштирок этганини билдирди.

Сессия давомида, шунингдек, ислоҳот тарафдорларининг қўлга олинган нанойишчиларга юридик кўмак бериш илтимоси ҳам кўриб чиқилди.

Теҳронда 3 январдан бери ҳукуматга қаршилар ва уни қўлловчилар намойишлари тинчигани йўқ. Эроннинг иккинчи йирик шаҳри Машҳадда бошланган намойишлар тез орада бошқа шаҳарларга ҳам тарқалди.

Намойишчилар дастлаб озиқ-овқат ва бошқа зарур маҳсулотлар нархининг ошишига норозилик билдирган эди. Аммо намойишлар тез орада ҳукуматга қарши ғазаб ифодасига айланиб кетди.

Бу орада ҳукумат телеканаллари ҳукумат тарафдорларининг “АҚШга ўлим!” “Исроилга ўлим!” “Британияга ўлим!” дея ҳайқираётгани акс этган лавҳаларни намойиш қилмоқда.

Бир ҳафтадан бери тинчимаётган намойишларда 22 киши қурбон бўлди ва 1700 дан ошиқ киши ҳибсга олинди. Бу Эрон раҳбарияти сўнгги ўн йил ичида дуч келган энг йирик норозилик намойиши экани айтилмоқда.

Жаҳон бўйлаб эронлик муҳожирлар мамлакат элчихоналари олдида намойишга чиқди. Бу каби намойишлар Берлин, Стокгольм, Париж, Лондон каби шаҳарларда бўлиб ўтди.

АҚШ Эрондаги норозилик намойишларини ва ушбу мамлакатга нисбатан янги санкциялар жорий этиш масаласини муҳокама қилиш юзасидан БМТ Хавфсизлик кенгаши мажлисини ўтказиш таклифи билан чиқди. Аммо Россия бунга кескин қаршилик билдирди.

Ҳукумат норозиликлар ҳақидаги ахборот тарқатилишига барҳам бериш учун ижтимоий тармоқларни тўсиб қўйган. Хабарларга кўра, ҳозирда мамлакатда Telegram, Instagram ҳамда Facebook Messenger хизматлари ишламаяпти.