Эрон портида ҳарбий кема ағдарилиб кетди

Форс кўрфазидаги Бандар Аббос портида Эрон ҳарбий-денгиз кучларига қарашли “Саҳанд” фрегати ағдарилиб, ёнбошлаб қолди. Озодликнинг Эрон хизмати хабарига кўра, ҳодиса чоғида бир неча киши жароҳатланган.

Бандаргоҳ расмийларининг хабарномасида айтилишича, кеманинг ёнбошлаб қолишига таъмирлаш ишлари чоғида балласт цистерналарига сув кириши сабаб бўлган. Маҳаллий нашрлар воқеа ортидан бир неча киши касалхонага етказилганини ёзишган.

“Саҳанд” ҳарбий кемаси 2017 йилда сувга туширилган. Сув сиғими тахминан 2500 тонна бўлган кема торпеда мосламалари, ракеталар, артиллерия қурилмаси ва автоматик замбараклар билан қуролланган.

“Эрон кемасозлик ва офшор саноати мажмуаси” ширкатининг раҳбари Салмон Зарбий “Форс” ахборот агентлигига берган интервьюсида кема таъмирланиши мумкинлигини билдирган.

2018 йили Каспий денгизида “Саҳанд”га ўхшаш “Дамованд” фрегати ҳалокатга учраган эди. Бандар Анзолийдаги база яқинида пўртана чоғида тўлқинқайтаргичга бориб урилган кема бир неча кундан кейин чўкиб кетган, икки киши ҳалок бўлгани хабар қилинган. Ўшанда кема қайта тикланиши айтилган, бироқ у беш йилдан бери таъмирланмоқда.