Эрондаги портлаш учун масъулиятни “Ислом давлати” ўз зиммасига олди

Теҳрон портлашда 84 киши ўлганини расман билдирди.

Кўплаб давлатларда террорчи ташкилот сифатида тан олинган “Ислом давлати” Эроннинг Кирмон шаҳрида 3 январдаги портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олди.

Ташкилот баёнотида айтилишича, портлашни икки ҳудкуш амалга оширган. Аввалроқ бу маълумотни Эрон матбуотига интервью берган расмийлар ҳам тасдиқлаган эди.

Эрон “Ислом давлати” баёнот бергунига қадар портлашларда Исроил ва АҚШни айблаб келаётган эди. АҚШ Давлат департаменти бу воқеага алоқаси йўқлигини ва Исроилни ҳам гумонлаш асоссиз эканини билдирганди.

Портлаш 3 январда Эрон жануби-шарқидаги Кирмон шаҳри қабристонидаги 2020 йилда ҳалок бўлган Ислом инқилоб посбонлари корпуси генерали Қосим Сулаймоний мақбараси яқинида содир этилган эди. Шу куни Сулаймоний хотирасини ёд этишга бағишланган тадбир ўтказилаётганди.

Расмий Теҳрон портлашда 84 киши ҳалок бўлганини ва 284 киши яраланганини маълум қилди. Ахборот агентликлари эса камида юз киши ўлганини ва 200 нафардан ортиқ киши яраланганини ёзмоқда.

Ислом инқилоб посбонлари корпусининг “Ал Қудс” бўлинмасига қўмондонлик қилган генерал Сулаймоний 2020 йилнинг 3 январида Бағдод шаҳрида президент Дональд Трамп кўрсатмаси билан АҚШ кучлари томонидан берилган ҳаво зарбаси оқибатида ҳалок бўлганди.

Сулаймоний қўмондонлиги остидаги бўлинма Эрон томонидан дастакланадиган ҲАМАС ва “Ҳизбуллоҳ” гуруҳига мадад бериб келган. Бу икки гуруҳ АҚШ ва ЕИ томонидан террорчи ташкилот сифатида тан олинган.