Эрон президенти аёллар “ҳижоби ва иффати”га доир қонунни амалда қўллашни буюрди

Теҳронда ҳижобсиз аёлларни ҳибсга олиш учун кутиб турган полиция машиналари, 2022 йил 6 июли

Эрон президенти Иброҳим Раисийнинг мамлакатда ҳижоб ва иффат тўғрисидаги қонунни амалга киритишга доир буйруғи аёлларнинг кийиниши борасида янги чекловлар рўйхати пайдо бўлишига олиб келди.

Ҳукумат “ҳижобни нотўғри ўраш” деб атаётган ҳолатга қарши кураш доирасида, бутун Эрон бўйлаб 1400 дан ортиқ шуъбаларига эга “Миллат” банки аёл ходимларига баланд пошнали туфли ва тўрпайпоқ кийишни тақиқловчи фармойиш чиқарган. Фармойиш билан эркак менежерларга аёлларни маъмурий масалалар бўйича ёрдамчи қилиб олиш ҳам ман этилган.

Янги тартиб-қоидаларга кўра, 5 июлдан эътиборан банк ходималари сочларига қўшиб бўйин ва елкаларини ҳам рўмол билан тўсишлари лозим.

Шунингдек, Машҳад шаҳри прокуратураси шаҳар мэрига “ҳижобни нотўғри ўраган” аёлларга метродан фойдаланишни тақиқлашни сўраб мурожаат қилган. Мэр эса бунинг учун суд қарорини чиқартириш лозимлигини айтган.

Ҳукумат босимни кучайтираётганига жавобан бир неча фаол ижтимоий тармоқларда 12 июль куни аёлларни ҳижобсиз кўчаларга чиқишга чорлаб, кампания ташкил қилган.

1979 йилги Ислом инқилобидан сўнг Эронда аёлларнинг ва тўққиз ёшдан катта қизларнинг жамоат жойларида ҳижобда юриши мажбурий қилиб белгиланган эди.

Кўплаб эронлик аёллар узоқ йиллардан бери мазкур қоидага амал қилмай, расмий шахслар наздидаги “мақбул уст-бош”дан ўзгача кийинишга интилиб келишмоқда.