Эронда Украина самолётини уриб туширган ҳарбийлар судланди

Самолёт бортидаги 170 дан ортиқ йўловчининг барчаси ҳалок бўлган.

Эронда 2020 йилнинг январида Теҳрондан Киевга учаётган йўловчи ташувчи самолётни уриб туширган 10 нафар ҳарбий суд ҳукми билан қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд ҳукмида таъкидланишича, Ислом инқилоби посбонлари корпусининг бўлинмаси 2020 йилнинг 8 январида Украинага тегишли самолётни тушунмовчилик оқибатида уриб туширган. Самолёт бортида бўлган 176 кишининг барчаси ҳалок бўлган.

Эрон судларининг Mizan Online портали бу ҳақда 16 апрель куни хабар берди. Бўлинма бошлиғи 10 йилга, бўлинманинг қолган аскарлари эса бир йилдан уч йилгача қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Суд бўлинма бошлиғи вазиятни нотўғри баҳолаб, йўловчи ташувчи самолётни душман зарба бериш учун йўллаган учоқ сифатида қабул қилган ва уни уриб туширишга буйруқ берган, деган хулосага келган.

Эрон 2020 йилда Украина самолёти Инқилоб посбонлари корпусининг ҳаводан ҳимоя бўлинмаси томонидан тушунмовчилик оқибатида уриб туширилганини тан олган эди.

Бу воқеадан бир неча кун олдин АҚШ амалиёти оқибатида Бағдод аэропортида Эрон генерали Қассем Сулаймоний ўлдирилган, Теҳрон эса АҚШнинг Ироқдаги базасига ҳаво зарбалари берганди. Теҳрон ўшанда АҚШ Эронга зарба бериши эҳтимоли мавжудлигини билдирган ҳолда ҳаводан ҳимоя кучларини кучайтирлган жанговар шайликка келтирганди.

Украина самолёти бортидаги йўловчиларнинг асосий қисми Эрон ва Канада фуқаролари бўлган. Украиналик йўловчилар 11 кишини ташкил қилган. Эрон ҳалок бўлган ҳар бир йўловчининг оиласига 150 минг доллардан товон пули тўлашни таклиф қилган. Бироқ ҳамма ҳам бу таклифга рози бўлмаган.