Эронлик мулозимлар курд миллатига мансуб 22 ёшли фаол Маҳса Аминийнинг ўлими ҳақида биринчи бўлиб хабар қилган икки журналист аёлга нисбатан давлатга хиёнат ва АҚШ махсус хизматларига ишлаганлик айбловларини қўйишди.
Журналистлар Нилуфар Ҳамидий ва Элаэ Муҳаммадий Аминий ўлими ортидан бошланган оммавий норозилик намойишлари бошланганидан кўп ўтмай ҳибсга олинган эдилар.
Журналист аёлларга қўйилган айблов судда тасдиқланса, улар ўлим жазосига ҳукм қилинишлари мумкин. Расмий Теҳрон аввалроқ оммавий норозилик чиқишлари ортида Қўшма Штатлар ва “сионистлар” турганини иддао қилиб чиққан эди.
Ҳамидий ва Муҳаммадий Эронда сиёсий моддалар бўйича айбланаётганлар сақланадиган Эвин қамоқхонасида тутиб турилгани тахмин қилинмоқда.
Эрон махсус хизматлари қўшма баёнотида икки журналист аёл Марказий разведка бошқармаси (МРБ) агентлари, деб аталган. Баёнотда, шунингдек, бир ойдан кўпроқ вақтдан буён тинмаётган норозилик чиқишлари МРБ, “Моссад” ва бошқа ғарб разведка ташкилотлари томонидан уюштирилгани иддао қилинган.
Эронда норозилик намойишлари бошланган сентябрь ойи ўрталаридан бери 40 дан зиёд журналист ҳибсга олинган.