Эронда Германия фуқароси бўлган 67 ёшли киши қатл этилди

Жамшид Шармаҳд

Асли эронлик бўлган Германия фуқароси Жамшид Шармаҳд Эронда қатл этилган. Бу ҳақда 28 октябрь куни Эрон адлиясининг расмий портали бўлган Misan маълумот тарқатди.

Қатл душанба куни эрталаб амалга оширилган. Эронда қатл ҳукми одатда дорга осиш йўли билан ижро этилган. DPA агентлигининг аниқлик киритишича, ҳуқуқбонлар ва Шармаҳднинг АҚШда яшовчи қизи судланганни қутқариш учун охиригача курашишган. Ҳукмга мувофиқ, Шармаҳд “Ер юзида коррупциянинг тарқалиши”да айбдор – бу жумла ислом фундаменталистларига кўра ўлим билан жазоланадиган оғир жиноятни англатади.

Мухолифатдаги Христиан-демократлар иттифоқи/Христиан-социалистлар иттифоқи (ХДИ/ХСИ) блокидан ГФР канцлери лавозимига номзод Фридрих Мерц Эрон расмийлари “мудҳиш жиноят”га қўл урганини билдирди.

Эрон режими яна бир марта ўзининг ғайриинсоний характерини намойиш этди”, дея қайд этди сиёсатчи. У Германия ҳукуматини содир бўлган ҳодисага “қатъият” билан жавоб беришга ундади.

Эрон билан “сокин дипломатия” ёндашуви муваффақиятсизликка юз тутди”, дея иқтибос келтирган Мерц сўзларидан “Немис тўлқини”.

ГФР ташқи ишлар вазири Анналена Бербок қатлни қоралаб чиқди. Унга кўра, бу масалани ҳал қилиш учун Эронга бир неча бор юқори лавозимли мулозимлар йўлланган. Бербок Германия фуқаросининг қатл этилиши жиддий оқибатларга олиб келишини урғулаган.

Шармаҳднинг яқинларига кўра, у сўнгги бир неча йилда АҚШда истиқомат қилган. Эрон хавфсизлик хизматлари ходимлари уни 2020 йили Дубайда бир учоқдан иккинчи учоққа чиқиш чоғида ўғирлаб кетишган. Эрон расмийлари ўшанда уни мухолифатдаги “Тондар” гуруҳи лидери деб ҳисоблашар эди. Бу гуруҳ Эронда террор ташкилотлари рўйхатига киритилган.