Эрон Ислом инқилоби посбонлари корпуси (ИИПК) қўмондони Ҳасан Ҳазанзода Теҳронда аёлларнинг кийинишда шариат талабларига риоя қилиши масалалари бўйича янги ҳуқуқ-тартибот тузилмаси ташкил этилганини эълон қилди.
Мазкур хизмат ходимлари, ИИПК мулозимига кўра, аёлларнинг жамоат жойларида ҳижоб “янада масъулиятли тарзда” ўраб юришини таъминлаш учун махсус тайёргарликда ўтишган.
Бу эълон сўнгги кунларда Эрон расмийлари аёлларнинг ахлоқ меъёрларига нақадар мувофиқ равишда кийинаётгани бўйича текширувларни кучайтирганига оид хабарлар ортидан очиқланди. Мазкур рейдлар чоғида, Озодликнинг Эрон хизмати хабарига кўра, масъуллар аёллар билан қўпол муомала қилганлар.
2022 йил сентябрида ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олинган Маҳса Аминийнинг ўлимидан сўнг Эронда оммавий намойишлар бошланиб кетган эди. Норозилик чиқишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.
Эрондаги нисбатан мўътадил депутатларнинг айримлари шу кунда, шу жумладан минтақада ҳарбий қарама-қаршиликлар туфайли таранглик кучайган бир пайтда мамлакатда режимни кучайтириш заруратини шубҳа остига олганлар. Бироқ Эрон Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти дресс-кодга риоя қилиниши бўйича янги чора-тадбирлар ҳамда яқиндаги рейдларни дастаклаб, буларнинг барчаси “қонун доирасида” амалга оширилаётганини урғулаган.