Эронда 12 кундан бери ҳижоб тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиб полиция томонидан қўлга олинган Маҳса Аминий ўлими ортидан бошланиб кетган намойишлар давом этмоқда.
27 сентябрда ҳам намойишчилар полиция билан тўқнашгани, кўплаб норозилар қўлга олингани айтилмоқда. Намойишлар Теҳрон, Табриз,Қоража,Қум ва Язд каби кўплаб шаҳарларда давом этмоқда.
Эрондаги Fars ахборот агентлигининг билдиришича, 16 сентябрдан бери намойишлар пайтида полиция билан содир этилган тўқнашувлар оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлди.
Ҳуқуқ фаоллари айрим ҳудудларда интернет ўчириб қўйилгани сабабли воқеалар ривожи ва тўқнашувлар тўғрисидаги видеоларни тарқатиш имконияти бўлмаётганини айтмоқда.
Эрон инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса камида 76 киши ҳалок бўлгани ва 1200 киши қўлга олинганини билдирди. Tasnim агентлиги қўлга олинган норозилар орасида Эрон собиқ президенти Али Акбар Хошими Рафсанжонийнинг қизи ҳам борлигини ёзди.
22 ёшли Маҳса Аминий Теҳронда ҳижоб тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиб қўлга олинган эди. У қўлга олинганидан сўнг комага тушган ва уч кундан сўнг касалхонада вафот этган.