Эронда олти номзодга президент сайловида қатнашишга изн берилди

Сайловга номзодларни қўйиш қарорини қабул қиладиган Эрон конституцияси посбонлари кенгаши 28 июнь куни бўлиб ўтажак президент сайловида иштирок этиш учун олти нафар номзодни маъқуллади.

Кенгаш ўз номзодини кўрсатганларнинг кўпчилигини рўйхатга олишни рад этган. Хусусан, собиқ президент Маҳмуд Аҳмадийнажод ва парламент собиқ спикери Али Ларижоний номзод ўлароқ рўйхатга олинмаган. Шунингдек, бошқа қатор мўътадил номзодлар ва ислоҳот тарафдорлари ҳам сайловга қўйилмаган.

Эронда муддатидан илгари президент сайлови марҳум президент Иброҳим Раисийнинг 19 май куни автоҳалокат қурбони бўлгани ортидан ўтказилмоқда.

Сайловга қўйилган номзодлар орасида ядровий битимга оид музокараларда Эрон делегациясига раҳбарлик қилган Саид Жалилий бор. У Эрон олий раҳбари оятуллоҳ Хоманаийга яқин ультраконсерваторлардан бири ўлароқ билинади. Сайловда севилган номзодлардан дейиш мумкин бўлганлар орасида яна икки муҳофазакор шахс бўлиб, улардан бири вице-президент Амир Ҳусайний Ҳожизода Ҳошимий, иккинчиси эса парламентнинг амалдаги спикери Муҳаммадбоқир Қолибофдир.

Депутат Масъуд Пезешкиан ислоҳотчилардан экани айтиладиган ягона номзоддир. Сайловда яна собиқ ички ишлар вазири Мустафо Пурмуҳаммадий ва Теҳрон мэри Алиризо Законий ҳам иштирок этиши кутилмоқда.

Конституция посбонлари кенгаши олти ҳуқуқшунос ва олти руҳонийдан ташкил топган ҳамда у олий раҳбар иродаси ёювчиси бўлиб ҳисоблади. Эронда президент давлат раҳбари бўлиб ҳисобланмайди, у айниқса ташқи сиёсатда анчагина чекланган ваколат эгаси бўлмиш ижроия ҳокимияти раҳбаридир.