Эроннинг руҳоний раҳбари оятуллоҳ Али Хоманаийнинг жияни, ҳуқуқ фаоли Фариде Муродхоний дунё ҳамжамиятини расмий Теҳрон билан ҳар қанақа алоқани узишга чақиргани ортидан ҳибсга олинган. Бу ҳақда CNN телеканали, Reuters ва AFP агентликлари ҳуқуқ фаолининг иниси Маҳмуд Муродхонийдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилишган.
Францияда яшайдиган Маҳмуд Муродхонийга кўра, у аввалдан ёзиб қўйилган видеони 23 ноябрь куни Фариде ҳибсга олинганидан кейин ёйинлаган.
“Эй ҳур инсонлар, биз билан бирга бўлинг ва ўз ҳукуматларингизга айтингки, болаларни ўлдираётган бу қонхўр режимни қўллашни тўхтатишсин. Бу режим ўзининг диний тамойилларидан бирортасига ҳам амал қилмайди ҳамда кучдан ва нима қилиб бўлса ҳам ўз ҳокимиятини сақлаб қолишдан бошқа ҳеч қанақа таомил-қонунни билмайди”, деган Фариде Муродхоний.
Эронликлар Теҳрон расмийларини қўллаётганларга қарши курашиш кайфиятида эканини айтган ҳуқуқ фаоли демократик мамлакатларни Эрондан ўз вакилларини чақириб олишга ҳамда “Теҳрон билан тузилажак ҳар қанақа келишувни тўхтатиш”га чақирган.
Мурожаатнома айнан қачон ёзилгани маълум эмас.
Фариде ва Маҳмуд Муродхоний Хоманаийнинг синглисига уйланган ҳамда шу йил октябрида вафот этган дин ва мухолифат арбоби Али Теҳронийнинг фарзандларидир.
Эрондаги норозилик намойишлари сентябрь ойи ўрталарида 22 ёшли ҳуқуқ фаоли Маҳса Аминий ўлимидан сўнг бошланиб кетган. Курд миллий озчилигига мансуб бўлган бу аёл рўмолини рисоладагидек ўрамагани учун Теҳронда ахлоқ полицияси томонидан тутилиб, калтаклангани ортидан жон берган эди.