Эронда 30 май куни президентликка номзодларни расман рўйхатга олиш жараёни бошланди. Муддатдан илгари сайлов 19 май куни вертолёт қулаши туфайли президентлик лавозимини эгаллаб турган Иброҳий Раисий вафот этгани муносабати билан кейинги ойда бўлиб ўтиши кутилмоқда.
Озодликнинг форс хизмати хабарига кўра, президентликка номзодларни рўйхатга олиш беш кун давом этади. Овоз беришнинг ўзи 28 июнга белгиланган. IRNA давлат ахборот агентлиги шу пайтгача 25 чоғли номзодликка даъвогар ариза топширгани, бироқ уларнинг ҳаммаси рад этилганини хабар қилган.
Номзод ўлароқ тасдиқланган даъвогарларнинг якуний рўйхати 11 июнь куни Конституция посбонлари кенгаши томонидан эълон қилинади, бу кенгаш аъзолари Эрон олий руҳонийси оятуллоҳ Али Хоманаий тарафидан тайинланади ёки тасдиқланади.
Вертолёт қулаши чоғида вафот этган Раисий 85 ёшли Хоманаийнинг муҳтамал вориси ўлароқ кўриларди. Эронда президент давлат раҳбари бўлиб ҳисобланмайди – олий руҳоний бўлмиш оятуллоҳ бошқаради.
Иброҳим Раисий 63 ёшда эди. У президент лавозимини 2021 йилда эгаллаган. Аввалроқ Раисий Эрон бош прокурори ва суд ҳокимияти раҳбари лавозимларида ишлаган. У ташқи сиёсатда ҳам, ички сиёсатда ҳам қаттиққўл бошқарув тарафдори бўлиб ҳисобланарди. Раисийнинг мамлакат ичидаги ва хориждаги танқидчилари унинг ўта жиддий жиноятлар, хусусан 1988 йилдаги режим мухолифларининг оммавий қатл этилиши учун масъул эканини айтиб келишади.