Эронда рэпер Солиҳийга нисбатан ўлим ҳукми бекор қилинди

Эронлик рэпер Тумаж Солиҳий

Эрон Олий суди рэпер Тумаж Солиҳийга нисбатан чиқарилган ўлим ҳукмини бекор қилди. Суд рэпер иши бўйича қайта тергов ўтказилиши ҳақида қарор чиқарган. Бу ҳақда Озодликнинг форс хизмати (“Фардо” радиоси) хабар қилди.

Жорий йилнинг 24 апрелида Эрон суди 2022 йили мамлакатда бўлиб ўтган норозилик чиқишларини дастаклаган Солиҳийга нисбатан ўлим жазосини тайинлаган эди.

Солиҳий 2022 йил октябрида ҳибсга олинган. 2023 йилда Эрон Олий суди уни олти йилу уч ойга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарган. Кейинроқ Исфаҳон суди Олий суд қарорини қайта кўриб чиқиб, рэперга нисбатан ўлим ҳукмини чиқарган.

Рэпернинг адвокати ўшанда ҳукмни “мисли кўрилмаган” деб атаб, суд қарори юзасидан юқори инстанцияга шикоят қилинишини билдирган эди.

Эронда 2022 йилдаги оммавий норозилик чиқишлари ҳижобни нотўғри ўрагани учун ахлоқ полицияси томонидан қўлга олингани ортидан вафот этган толиба Маҳса Аминий ўлимидан кейин — сентябрь ойида бошланган. Бир неча ой давом этган бу норозилик акциялари Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлгани айтилади. Намойишлар чоғидаги тўқнашувлар оқибатида юзлаб одам ҳалок бўлган, минглаб киши ҳибсга олинган, норозилардан бир нечаси қатл этилган.

Солиҳий Эронда коррупция, қашшоқлик, намойишчиларнинг ўлдирилиши ва қатл этилишига қарши рэплари билан танилган.