Эронда WhatsApp’дан фойдаланишга тақиқ бекор қилинди

Иллюстратив сурат

Эрон расмийлари мамлакатда WhatsApp мессенжери ва Google Play иловалар дўконидан фойдаланишга тақиқни бекор қилишди. Бу ҳақда давлатга қарашли IRNA ахборот агентлиги хабар қилди.

Аввалроқ Эрон президенти Масъуд Пезешкиён интернетда тақиқни юмшатишни ваъда қилган эди. Мазкур қарор қачондан кучга кириши ҳозирча маълум эмас. Эрон Ислом Республикасининг ахборот хавфсизлиги бўйича олий кенгаши ўз мажлисларини ёпиқ эшиклар ортида ўтказади ва унинг аъзолари овозлари очиқланмайди. Айни пайтда Эрон алоқа вазири Саттор Ҳошимий Интернетдаги чекловларни бекор қилиш бўйича илк одим “бир овоздан ва ўзаро келишилган ҳолда” отилганини маълум қилган.

“Шарқ” ислоҳотчи газетасининг ёзишича, Эрон парламентидаги 290 депутатдан 136 нафари кенгашга хат йўллаб, Google Play иловалар дўкони ва WhatsApp мессенжеридан фойдаланишга тақиқнинг бекор қилиниши Эрон душманлари учун “совға” бўлишини билдиришган.

Бу орада 2009 йилдан буён амалда бўлган Facebook, Х, Telegram ва YouTube блокировкаси ҳали ҳам ўз кучида қолмоқда.

Google Play иловалари ва WhatsApp Эронда 2022 йили 22 ёшли толиба Маҳса Аминийнинг ўлими ортидан бошланган норозилик чиқишларидан кейин блокировка қилинган. Ахлоқ полицияси уни ҳижобини нотўғри ўрагани учун қўлга олган ва кейинроқ қиз “юрак хуружига учраган”ини билдирган. Аминийнинг яқинлари толиба полициячилар томонидан ўлгунича калтакланганини таъкидлашмоқда.

Норозилик намойишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.