Жорий йил кузида Эстонияда Keelemalev деб аталган янги халқ ҳаракати пайдо бўлди: эстон тилида бу сўз “тил қўшини” ёки “тил патрули” деган маънони англатади.
Ҳаракатни сиёсатчи Индрек Луберг тузган. У одамларни жамоат жойларида рус тилидан фойдаланилаётганига оид барча ҳолатлар бўйича ўзига Facebook ижтимоий тармоғи орқали хабар беришга чақирган. Бу каби “қонунбузарликлар”га, Лубергга кўра, дўконларнинг буклетлари, театр афишалари, ширкат ва муассасаларнинг веб-сайтларида дуч келиш мумкин.
Эстонияда аудиторияга давлат тилидан бошқа тилда мурожаат қилган барча “тил патруллари” вакиллари томонидан рус тилидан воз кечишга чақирилмоқда. Масалан, бир нечта савдо тармоғи рус тилида буклет чиқарганлари учун Индрек Лубергдан расмий мактуб олишган.
Эстонияда рус тилида сўзлашувчиларнинг бир қисми мазкур ташаббусдан ўта норози. Улар “тил қўшини” саҳифаси юзасидан Facebook модераторларига шикоят қилишга чақиришган ва бу ташаббус миллатлараро адоват қўзғатаётганини иддао қилишмоқда.
“Бундай иш устидан Европарламентга шикоят қилиш, петициялар топшириш мумкин ва керак. Булар мисли кўрилмаган нарсалар”, деб ёзган Луберг хатти-ҳаракатларидан норозилардан бири.
Жамоат жойларида рус тилидан фойдаланишга қарши кураш Латвияда анчадан буён давом этмоқда. Бироқ Эстонияда сиёсий арбоблар ҳалигача “тил қўшини” ташаббусига эътибор қаратган эмаслар. Шунга қарамай, эстон тили тўғрисидаги қонун ижроси устидан назорат олиб борадиган Тил департаменти раҳбари “тил патруллари” ташаббусини яхши ғоя, деб ҳисоблайди.
“Уруш туфайли жамиятдаги кайфият ўзгарди. Мен ўзим ҳам оммага тақдим этиладиган барча маълумотни, дейлик, истеъмолчилар учун мўлжалланган маълумотларни рус тилига таржима қилишга ҳожат йўқ, деб ҳисоблайман. Рус тилида сўзлашувчи кўпчилик эстон тилини тушунади, улар эстон тилидаги реклама буклетларини ҳам тушуна олишлари мумкин”, деган Эстония Тил департаменти директор Илмар Томуск.
Сўнгги пайтларда Эстонияда бирданига бир неча муассаса мижозлар билан алоқадан рус тили олиб ташланиши ҳақида маълум қилган. Масалан, Полиция ва Чегарани қўриқлаш департаменти авваллари автоматик огоҳлантирув хабарларини уч тилда – эстон, рус ва инглиз тилларида тарқатишар эди. Бироқ Эстонияда яшовчи кишилардан бири бунга Тил департаменти эътиборини қаратганидан кейин бу икки ташкилот хабар тарқатишда бундан буён рус тилидан фойдаланилмаслигини билдиришган.