Европа тикланиш ва тараққиёт банки Наманган ва Фарғона вилоятларида халқаро стандартлар асосида 15 та мактаб қурилиши учун грант берадиган бўлди. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги 18 май куни маълум қилди.
Расман билдирилишича, бу борадаги ўзаро келишув Самарқандда ўтказилган Европа тикланиш ва тараққиёт банки Бошқарувчилар кенгашининг 32-йиллик йиғилишида имзоланди.
Вазирликнинг маълум қилишича, мактаблар қурилиши бўйича ЕТТБ билан ҳамкорлик 2021 йил Тошкент шаҳрида ўтказилган Ўзбекистон иқтисодий форуми доирасида бошланган. Дастлабки босқичда “грант олиш ва маслаҳатчиларни ёллаш бўйича ички таҳлиллар ўтказилган”. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 55–75 миллион долларни ташкил этади.
Европа тикланиш ва тараққиёт банкининг 16-18 кунлари Самарқандда ўтган йиғилиши доирасида яна қатор шартномалар имзолангани тўғрисида хабар берилган. Жумладан, банк Қорақалпоғистонда шамол электр станцияси қурилиши учун ACWA Power Wind Karatau ширкатига 19,3 миллион доллар, Uzbekistan Airports ширкатига аэропортларн модернизация қилиш учун 28 миллион еврогача кредит бериши айтилган.
ЕТТБнинг 2017 йилдан бери Ўзбекистон иқтисодиётига киритган сармоялари миқдори 3 миллиард еврога етган.