Озод Европа/Озодлик радиоси ихтиёрида мавжуд бўлган ҳужжатга қараганда, Европа Иттифоқи Россияга санкцияларни четлаб ўтишда кўмаклашганликда гумонланган Марказий Осиёдаги ширкатларга жазо чораларини қўлламоқчи.
ЕИ санкцияларининг Россияга нисбатан 12-пакетида Қозоғистондаги икки ва Ўзбекистондаги бир ширкат тилга олинган.
Еврокомиссия 15 ноябрда маъқуллаган навбатдаги санкциялар ЕИга аъзо 27 давлат томонидан кўриб чиқилмоқда. Янги санкциялар ташкилотнинг Брюсселда 14-15-декабрда ўтадиган саммитида тасдиқланиши кутилмоқда.
Ҳужжат лойиҳасида айтилишича, Қозоғистондаги “Асман араба” ширкати дронларни импорт қилиб, Россиянинг Skymec компаниясига етказиб турганликда гумонланмоқда. Бундан ташқари Da Group 22 қозоқ фирмаси Россияга ўтган йили минглаб микрочипларни сотган. Бу ҳақда Россия Божхона хизмати ҳужжатларида қайд этилган.
Ўзбекистоннинг Mvizion ЕИ санкциялари рўйхатига киритилган Россия ширкатига “электрон компонентларни ва компьютерлар учун дастур таъминотларини сотганлик”да гумонланмоқда.
Озодлик радиоси аввалроқ АҚШ Савдо вазирлигининг Саноат ва хавфсизлик бюроси 2 ноябрь куни Mvizion МЧЖни санкциялар рўйхатига киритгани тўғрисида хабар берган эди. АҚШ рўйхатида Mvizion МЧЖ Тошкент шаҳри, Чилонзор тумани Қатортол кўчаси 8-уй, 7-блокда ва Тошкент шаҳри Гейдар Алиев кўчаси 313-уйда жойлашгани айтилади.
Оrginfo.uz сайтидаги маълумотга қараганда, Mvizion МЧЖ 2022 йилнинг 14 июнида рўйхатдан ўтган ва Тошкент шаҳри Гейдар Алиев кўчаси 313-уйда жойлашган. Устав жамғармаси 1 млн сўм.
МЧЖ электрон ва телекоммуникация ускуналари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари улгуржи савдоси билан шуғулланади. Ширкатнинг раҳбари ва ягона таъсисчиси сифатида Иевлев Игор Николаевич кўрсатилган.
АҚШ савдо вазирлиги махсус назорат рўйхатига киритилган тадбиркорлик субъектларига нисбатан энг жиддий экспорт чекловларини қўллайди, улар учун АҚШ технологиялари ва товарлари бозорини ёпади.
2023 йилнинг апрель ойида АҚШ Молия вазирлиги ва Британия ҳукумати Алишер Усмоновнинг USM холдингига нисбатан санкциялар киритган. Ўшанда USM холдингига алоқадорлиги айтилган Ўзбекистондаги “Охангаронцемент” АЖ ва “Akkermann Cement CA” МЧЖ ҳам санкция рўйхатига тушган эди.