Eurocement Holding AG “Тошкент” фонд биржасида Ўзбекистондаги ўз активи “Оҳангаронцемент” акцияларининг 84,19 фоизини сотувга қўйди.
Биржа маълумотига кўра, акциялар битта лот билан сотилади. Сотувга қўйилган 4 миллион 141 минг 108 дона акциянинг ҳар бири учун 103 минг 593 сўмдан нарх бичилган. Акциялар бу нархда сотилган тақдирда, байнинг умумий суммаси 420 миллиард сўмдан (қарийб 41 миллион доллар) ошиши мумкин.
Олтмиш йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётган “Оҳангаронцемент” Ўзбекистонда катталиги жиҳатидан иккинчи цемент заводи бўлиб ҳисобланиб, бу ерда республикадаги цементнинг қарийб 20 фоизи ишлаб чиқарилган.
1994 йили “Оҳангаронцемент” хусусийлаштириб, акциядорлик жамиятига айлантирилган. Заводга анча йиллар Zeromax ширкати эгалик қилиб, 2006 йилда акцияларнинг 75,5 фоизини “Евроцемент”га сотган. Кейинчалик “Евроцемент” акциялари миқдорини 84, 19 фоизга етказган.
Айрим маълумотларга кўра, “Евроцемент груп” ўтган 14 йил ичида корхона ривожи учун 150 миллион доллар сарф қилган.
Россиялик бизнесменларга тегишли бўлган “Евроцемент” қарзларини тўлай олмай қолгани ортидан тўлалигича Россия ҳукуматига қарашли Сбербанк қўлига ўтгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилганди.