Евро асосчиларидан бири бўлган сиёсатчи Жак Делор вафот этди

Делор 1985-1995 йилларда Европа комиссияси раиси бўлган.

Европа комиссияси собиқ раиси ва Европа ягона валютаси - евро асосчиларидан бири бўлган сиёсатчи Жак Делор 99 ёшида Париждаги уйида вафот этди.

Социалист Жак Делор 1981-1984 йилларда президент Француа Миттеран маъмуриятида молия вазири бўлган. У 1985-1995 йилларда Европа комиссияси раиси лавозимида ишлаган. Мана шу ўн йилликда Европа Иттифоқининг ички интеграцияси мустаҳкамланди, ягона бозор маконини шакллантириш якунланди, Шенген шартномаси имзоланди ва ЕИнинг ягона валютаси-евро таъсис этилди.

Европадаги барча лидерлар ҳам Делорнинг Европа интеграциясига доир ташаббуслари ва сиёсатини қўллаб-қувватлаган эмас. Жумладан, бу жараёнга Британия бош вазири Маргарет Тэтчер қарши чиққан.

Делор Европа комиссияси раиси лавозимидан кетгач, Европа федерализмини ривожлантиришга кўмаклашувчи аналитик марказларга асос солди. Сўнгги йилларда у Европада “популизм” хавфи мавжудлигидан бир неча маротаба огоҳлантирган ва Брексит оқибатларини “матонат” билан қабул қилишга чақирган эди.