Европа комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен 9 май куни Киевга қилган ташрифи чоғида Россияга нисбатан 11-санкциялар пакети тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, янги пакет уч элементдан иборат. Жумладан, учинчи давлатлар орқали Россияга экспорт қилинаётган тақиқланган товарлар рўйхатини кенгайтириш назарда тутилган. Бундан ташқари ЕИ учинчи давлатларга санкцияларни четлаб ўтишга тўсиқ қўювчи воситаларни ишга туширмоқчи.
“Агар биз Европа товарлари дастлаб учинчи давлатларга экспорт қилиниб, кейин Россияда пайдо бўлганини кўрсак, Еврокомиссия аъзо давлатларга мазкур товарлар экспорт қилинишига қарши санкциялар жорий этишни таклиф қилиши мумкин”,- деди фон дер Ляйен.
DPA агентлиги манбаларининг айтишларича, Россияга санкцияларни четлаб ўтишга кўмаклашаётган давлатлар қаторида Қозоғистон, Арманистон ва Бирлашган Араб Амирликлари тилга олинмоқда.
Аввалроқ Politico нашри санкцияларга қарамай техник товарларни Россияга етказилишини тўхтатиш учун Ўзбекистон, Қозоғистон, Хитой ва Туркияга чора кўриши мумкинлигини хабар қилган эди.
Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйеннинг Киевга ташрифи Европа куни доирасида амалга оширилди. Украина Россия босқинидан кейин EИга аъзо бўлиш учун ариза топширгандан сўнг Ғарб институтларига қўшилиш амбицияларини илгари суриб келмоқда.
Фон дер Ляйен 2014 йилги урушдан бери ҳалок бўлган украиналик аскарлар хотирасига ҳурмат бажо келтирди. У, шунингдек, Авлиё Михаил майдонида қўлга олинган рус техникаларининг очиқ кўргазмасига ҳам ташриф буюрди.
У “Биз учун муҳим бўлган қадриятлар ҳимоя қилинаётган Киевга йўл олганимдан хурсандман" дея твит қолдирди.
Европа Комиссияси фон дер Ляйеннинг ташрифини бир кун олдин оммага эълон қилди. Одатда олий даражадаги раҳбарларнинг Украинага ташрифлари хавфсизлик нуқтаи назаридан сир тутилади.