Британиянинг Ливерпул шаҳрида 9 май куни “Евронигоҳ-2023” мусиқа фестивали бошланди. Унда 37 мамлакатдан келган ижрочилар иштирок этмоқда.
Ливерпул 67-“Евронигоҳ”ни Украина номидан қабул қилмоқда. Ўтган йилги танловда Украинанинг Kalush Orchestra гуруҳи Stefania композицияси билан ғолиб бўлган эди. Бунинг ортидан навбатдаги танлов Украинада ўтказилиши лозим эди. Аммо Россия босқини оқибатида “Евронигоҳ” Британияга кўчирилди.
2022 йилда “Евронигоҳ”да иккинчи ўринни эгаллаган Британия танловни ўз ҳудудида “Мусиқа бирлаштирганлар” шиори остида ўтказишни таклиф қилган.
9 ва 11 майда иккита ярим финал ўтказилади, шанба куни эса финал шоуси намойиш этилади.
Украина собиқ ғолиб сифатида автоматик тарзда “катта бешлик” деб аталадиган Британия, Франция, Германия, Испания ва Италия билан бирга автоматик равишда финалга чиқади. Бу давлатлар (Британиядан ташқари) “Евронигоҳ” асосчилари ва танловнинг асосий ҳомийлари ҳисобланади. Украинани жорий йилда Heart of Steel қўшиғи билан TVORCHI гуруҳи тамсил этади.
Россия ва Беларусь Украинага босқин ортидан бу сафар ҳам танловда иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилди.