«Евронигоҳ-2023» Украинада эмас, Британияда ўтадиган бўлди

Украинанинг Kalush Orchestra гуруҳи Stefania қўшиғи билан «Евронигоҳ-2022» ғолиби бўлган эди.

«Евронигоҳ-2023» халқаро қўшиқ танлови Британияда ўтказилишини Европа телерадио иттифоқи ва Би-би-си тасдиқлади. 2022 йилдаги танлов ғолиби сифатида «Евронигоҳ-2023» Украинада ўтказилиши лозим эди. Бироқ ташкилотчилар хавфсизлик нуқтаи назаридан танловни Британияда ўтказишга қарор қилди.

Танловда қатнашаётган Украина вакили автоматик равишда финалга чиқади. Саҳнани безашда ташкилотчилар 2022 йилги танлов ғолиби Украинани тамсил этувчи элементлардан фойдаланишни режалаштирмоқда.

««Евронигоҳ-2023» Украинада ўтказилмайди, балки Украинани қўллаб-қувватлаш мақсадида ўтказилади»,-деди танлов ташкилотчиси бўлган Украинанинг UA:PBC ширкати раҳбари Микола Чернотицький.

Бу билан Британия тўққизинчи марта «Евронигоҳ»га мезбонлик қилади. Танлов ўтказиладиган шаҳар номи кейинроқ эълон қилинади.

Украинанинг Kalush Orchestra гуруҳи Stefania қўшиғи билан «Евронигоҳ-2022» ғолиби бўлган эди. Иккинчи ўринни эса Space Man қўшиғи билан Британия вакили Сэм Райдер эгаллаган. Россия Украинага бостириб киргани ортидан «Евронигоҳ-2022»да иштирок этиш ҳуқуқидан маҳрум этилган.

«Евронигоҳ» халқаро қўшиқ танлови 1956 йилдан бери ўтказиб келинади. 2022 йилда танловни бутун дунёда 161 миллион киши томоша қилди.