Европа Иттифоқи етакчилари Брюсселдаги саммитда ҳарбий харажатларни кескин ошириш режаларини маъқуллади. Бу қарор АҚШ президенти маъмурияти келажакда Европа мудофаа масалаларида ўз кучларига таянишга тўғри келишини англатганидан сўнг қабул қилинди.
ЕИ давлатлари ҳарбий харажатларни оширишга имкон берадиган бюджет чекловларини юмшатишни тасдиқлади. Еврокомиссия ҳисоб-китобларига кўра, шу тариқа 650 миллиард евро маблағ ажратилиши мумкин.
Саммит иштирокчилари шунингдек, Еврокомиссиянинг ЕИ давлатлари учун 150 миллиард евролик кредит фонди ҳақидаги таклифини эътиборга олдилар. Бу маблағ мудофаа соҳасига, жумладан, ҳаво ва ракета ҳужумларидан ҳимоя тизимлари, артиллерия қурилмалари ва ўқ-дорилар, шунингдек, дронлар ва улардан ҳимоя воситаларига сармоя киритиш учун йўналтирилиши мумкин.
6 мартдаги саммитда Украина президенти Владимир Зеленский ҳам иштирок этди.
Ҳафта бошида Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен ReArm Europe режасини тақдим этган. Ҳужжатга кўра, ЕИ мудофаа учун масъулиятни ўз зиммасига олади ва келгусида Украинага ёрдам беришга тайёрлигини билдиради.