Тошкентга 19-22 июль кунлари ЕХҲТ ДИИҲБ Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари делегациясининг келиши кутилмоқда.
Марказий сайлов комиссиясининг билдиришича, ташриф “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича бўлажак Республика референдуми муносабати билан амалга оширилмоқда.
Эҳтиёжларни баҳолаш миссияси экспертлари референдумга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича ишларни ташкил этиш билан танишади, шунингдек, референдум тўғрисидаги миллий қонунчиликнинг умумэътироф этилган халқаро стандартларга мувофиқлигини таҳлил қилади.
Экспертлар ўз хулосаларини эълон қилганидан сўнг ЕХҲТ бўлажак республика референдумини кузатишнинг мақсадга мувофиқлиги, унинг формати, давомийлиги ва кузатувчилар таркиби тўғрисида қарор қабул қилади.
Конституцияга ўзгартишлар юзасидан умумхалқ референдуми санаси ҳозиргача эълон қилинмаган. 15 июль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси яна бир бор Конституциявий қонун лойиҳаси умумхалқ муҳокамасининг муддатини 1 августга қадар узайтириш ҳақида қарор қабул қилди. Конституцияга ўзгартишларни муҳокама қилиш муддати шу билан учинчи марта ўзгартирилди.
Конституцияга киритиладиган ўзгартишлар лойиҳаси 25 июнь куни эълон қилинган ва унинг умумхалқ муҳокамасига 10 кун берилган эди. Аммо 1-2 июнь куни содир этилган Нукус воқеалари ортидан Олий Мажлис муҳокама муддатини яна 10 кунга узайтирганди.
Қонунчилик палатаси 4 июль кунги мажлисида мамлакат Конституцияси янги таҳриридаги Қорақалпоғистон Республикаси суверенитетига оид моддаларни ўзгаришсиз қолдириш ҳақида қарор қабул қилди.
1 июль куни бошланиб кетган оммавий норозилик намойишлари манзарасида Нукусга борган президент Мирзиёев асосий қонундаги минтақанинг мақомига доир 70, 71, 72, 74, 75-моддалари ўзгаришсиз қолдирилишини айтган эди.
Референдум амалдаги президент муддатини “ноллаштириши” ва янги президентлик муддатини 5 йилдан 7 йилга узайтириши кутилади.
Конституциявий комиссиянинг билдиришича, конституциявий ислоҳот масаласида “аҳолидан 85 минг таклиф” келиб тушган