Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ) 9 июль куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон президенти сайловини кузатиш миссиясини очди.
Ташкилот расмий билдирувида айтилишича, Урсула Гачек раҳбарлигида Тошкентга жойлашган миссия 11 нафар эксперт ва 24 нафар узоқ муддатли кузатувчидан иборат. Миссия республиканинг барча ҳудудларида 14 июндан ўз ишини бошлайди.
Бундан ташқари сайлов кунлари ДИИҲБ таркибида ЕХҲТга аъзо давлатлардан келган 250 нафар қисқа муддатли кузатувчи ҳам фаолият юритиши режалаштирилмоқда.
“Миссия сайловларни ЕХҲТ мажбуриятлари ва демократик сайловлар учун бошқа халқаро мажбуриятлар ва стандартларга, шунингдек, миллий қонунчиликка мувофиқлигини баҳолайди”,- дейилади расмий билдирувда.
Сайловдан кейинги куни, ДИИҲБнинг дастлабки хулосалари матбуот анжуманида тақдим этилади. Бутун сайлов жараёнини баҳолаш ва тавсиялар билан якуний ҳисобот сайловдан бир неча ой ўтгач эълон қилинади.
Президентлик сайловини кузатиш бўйича ДИИҲБ миссияси Ўзбекистонда ўтказилган сайловларнинг бирортасини ҳолис, адолатли ва демократик деб баҳолаган эмас. Жумладан, ДИИҲБ 2021 йил 24 октябрда ўтказилган президент сайловида сиёсий рақобат бўлмагани, сайлов иштирокчилари орасида мазмунли мулоқот етишмагани, сайлов куни жиддий процессуал қоидабузарликлар кузатилгани, овоз бериш, овозларни санаш ва якуний жараёнларда сайловнинг муҳим жиҳатларига эътибор берилмаганини танқид қилган.
Жорий йилнинг 30 апрелида мухолифатсиз ўтган референдумда президент Мирзиёвга 2037 йилгача ёки 80 ёшгача ҳокимиятда қолиш имконини яратган янги таҳрирдаги конституция 90 фоиздан ортиқ овоз билан маъқулланганди. Унда президент муддати 5 йилдан 7 йилга узайтирилган.
Ўзбекистонда муддатидан илгари президент сайлови кампанияси шу йилнинг 10 майидан бошланди. Номзодларни рўйхатга олиш иши 6 июнь куни якунланади.
Сайлов ўтказиладиган ойда 66 ёшни қаршилайдиган Шавкат Мирзиёев сўнгги бор 2021 йил октябрида 80 фоиздан кўпроқ овоз билан иккинчи 5 йиллик муддатга президент этиб сайланганди.