Жорий йилнинг май ойида Ғазо уруши авж олар экан, “Instagram” қисқа муддатга #AlAqsa (Ал-Ақсо) хештегини тақиқлаб қўйди. Эски можаронинг қайта оловланишига фаластинлик бир неча оилани уйларидан кўчиришга доир суд жараёни ва бу манзарада Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжиди ёнида рўй берган муштлашув сабаб бўлди.
“Instagram”га эгалик қилувчи “Facebook” кейинчалик узр сўради. Ташкилот дастур алгоритмлари исломдаги учинчи энг муқаддас даргоҳ ҳисобланувчи масжидни дунёвий “Фатаҳ” партиясининг қуролли бўлими ҳисобланувчи “Ал-Ақсо шаҳидлар бригадаси” жангари гуруҳи билан адаштириб юборганини билдирди.
Бу “Facebook” минтақада сиёсий сўз эркинлигини чеклаган навбатдаги ҳолат бўлди. Араб тили “Facebook” платформаларида энг кенг тарқалган тиллардан бири бўлиб, ширкат шунга ўхшаш ножўя ҳолатлар ортидан тез-тез узр сўрашга мажбур бўлмоқда.
“Facebook” ширкатининг собиқ маҳсулот менежери Фрэнсис Хауген ёйинлаган ички ҳужжатлар шуни кўрсатадики, муаммо кўлами аслида бундан ҳам кенг ва ширкат бир неча йилдан бери бундан хабардор бўлганига қарамасдан, уни ҳал қилиш учун етарли чора кўрмаган.
Юқорида келтирилган хатоликлар фақат араб тилига тегишли эмас. Хауген улашган файллар таҳлили шуни кўрсатадики, дунёнинг энг беқарор минтақаларида террористик контент ва нафрат нутқи кўпайиб бормоқда, чунки “Facebook”да маҳаллий тилларда сўзлашадиган ва маданий контекстларни тушунадиган модераторлар етишмайди. Бундан ташқари, “Facebook” ўз платформаларида турли тилларда зарарли контентни аниқлай оладиган сунъий интеллект ечимларини ишлаб чиқмаган.
Афғонистон ва Мьянма каби мамлакатларда бу камчиликлар ширкат платформаларида нафратга тўла нутқ назоратсиз тарқалишига олиб келган. Сурия ва Фаластин каби ҳудудларида эса “Facebook“ оддий нутқни бўғизлаб, кундалик ҳаётда кенг қўлланиладиган оддий сўзларни тақиқлайди.
Яқин Шарқ институтининг кибер дастури директори Элиза Кэмпбелл:
“Муаммо шундаки, платформа бир кун келиб дунёдаги ҳар бир кишининг сиёсий нутқини назорат қилиш ниятида қурилмаган”, деди.
“Аммо Facebookнинг сиёсий аҳамияти ва ресурсларига солиштирганда модерация учун жуда оз ресурс ажратилади”.
Ушбу мақола Хауген АҚШ Қимматли қоғозлар ва биржалар комиссиясига берган маълумотларига таяниб “Associated Press“ агентлигида чоп этилган мақола таржимасидир. Хаугеннинг адвокатлари ҳужжатларнинг қисқартирилган нусхасини Конгрессга ҳам тақдим этган. Конгрессга топширилган ҳужжатлар билан бир неча хабар агентлиги танишиб чиққан. Айни ҳужжатларга таянган ҳолда “The Wall Street Journal“ газетаси ҳам ўхшаш ҳисобот ҳозирлади.
“Facebook” “Associated Press” агентлигига берган баёнотида ширкат сўнгги икки йил ичида бутун дунё бўйлаб контент таҳлил қилиш салоҳиятини ошириш учун маҳаллий тилларда сўзлашувчи ва мавзу бўйича тажрибага эга бўлган кўпроқ ходим ёллашга сармоя киритгани айтилади.
Аммо арабча контентни модерация қилиш масаласида баёнотда шундай дейилади: “Ҳали кўп иш қилишимиз керак. ... Ушбу қийинчиликни яхшироқ тушуниш ва қандай қилиб яхшилашимиз мумкинлигини аниқлаш учун тадқиқот ўтказамиз”.
Мьянмада “Facebook“ орқали тарқалган нотўғри маълумотлар қайта-қайта этник ва диний зўравонликка туртки бўлгани айтилади. “Facebook” ходимлари ҳозирлаган ички ҳисоботларда ширкат Мьянмада роҳинжа мусулмонларига қаратилган нафрат нутқи тарқалишини тўхтата олмагани тан олинган.
АҚШ роҳинжаларга қарши хунрезликларни этник қирғин деб топди. 2018 йилда “Facebook” ўз платформаларини назорат қилиш учун мьянма тилида сўзлашувчи 100 нафар ходимни ёллашни ваъда қилди. Аммо ширкат нечта контент модераторини ёллагани ёки улар кўплаб маҳаллий лаҳжаларидан қайси бирида сўзлашишини ошкор қилмади.
“Global Witness” ҳуқуқ гуруҳига кўра, “Facebook” раҳбариятининг оммавий ваъдалари ва муаммолар бўйича кўплаб ички ҳисоботларга қарамай, февраль ойида содир бўлган ҳарбий тўнтаришдан кейин ширкатнинг тавсия алгоритми армия ташвиқотини ва ширкат сиёсатига зид бўлган бошқа контентни тарқатишда давом этган.
Ҳужжатларга кўра, ўтган март ойида “Facebook” ходимлари Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Модининг “Раштрия Сваямсевак Санг” миллатчи гуруҳининг “қўрқув уйғотувчи, мусулмонларга қарши” постларини тақиқлаш керак ёки йўқлигини муҳокама қилишган.
“Facebook” ички ҳисоботларининг бирида Моди партиясига алоқадор фойдаланувчилар исломофобик контент тарқалишини кучайтириш учун бир нечта ҳисоб яратгани қайд этилган. Бу контентнинг аксарияти бўйича бирор чора кўрилмаган, чунки “Facebook”да ҳинд ва бенгал тилларини биладиган модераторлар ва автоматлаштирилган фильтрлар бўлмаган.
Араб тили “Facebook” ширкатининг автоматлаштирилган тизимлари ва инсон модераторлари учун алоҳида қийинчилик туғдиради, чунки уларнинг иккиси ҳам ўзига хос ва кўп сонли оғзаки диалектларни тушунишга қийналади.
Масалан, Марокаш сўзлашув арабчисида француз ва барбар сўзлар жуда кўп ва қисқа унлилар ишлатилади. Миср арабчасида эса Усмонлилар истилоси даврида кириб келган туркча сўзлар ишлатилади. Бошқа лаҳжалар эса Қуръонда учрайдиган “расмий” араб тилига яқинроқ. Айрим ҳолларда турли шевада сўзлашувчилар бир-бирини тушунмайди. Қолаверса, сўзлашув араб тилини транскрипция қилишнинг стандарт усули мавжуд эмас.
“Facebook” биринчи марта 2011 йилдаги “Араб баҳори” қўзғолонлари давомида Яқин Шарқда оммалашган эди. Ўшанда “Facebook” фойдаланувчилар учун автократик ҳукуматлар чекловларини четлаб ўтиб, ўз фикрларини эркин ифода этиш учун платформага ҳамда янгиликлар манбасига айланганди. Аммо сўнгги йилларда “Facebook”нинг ижобий обрўсига путур етди.
Кўплаб фаластинлик журналист ва фаолларнинг аккаунтлари ўчириб ташланди. Суриядаги фуқаролар уруши архивлари йўқолди. Айни дамда араб тилида сўзлашувчилар кундалик ҳаётда кенг қўлланиладиган кўплаб сўзни “Facebook” ёки “Instagram”да ишлата олмайди.
2014 йилги Ғазо уруши авжига чиқар экан, Ғазо секторида фаолият юритувчи таниқли журналист Ҳасан Слаеҳ “Facebook”дан “Сизнинг аккаунтингиз “Facebook” ҳамжамият стандартларини бузгани учун бутунлай ўчириб ташланди”, деган хабарни олган.
Бир зумда у олти йил давомида тўплаган барча маълумотдан – шахсий хотиралар, Ғазодаги одамлар ҳаёти ҳақидаги ҳикоялар, анклавга зарба берган Исроил ҳаво ҳужумлари фотосуратлари, 200 000 обуначисидан маҳрум бўлган. Ўтган йили унинг аккаунти 17-марта ўчирилган ва у 17-марта нолдан бошлашга мажбур бўлган.
Слаеҳ кўплаб фаластинликлар сингари арабча “шаҳид” ва “маҳбус” сўзларини, шунингдек, Исроилнинг ҳарбий ишғолини тилга олмасликни ўрганган. Жангари гуруҳлар ҳақида ёзаётиб, ҳар бир ҳарф орасига белги қўя ёки бўш жой қолдира бошлаган.
Минтақадаги бошқа фойдаланувчилар эса “Facebook” алгоритмларини лақиллатишнинг борган сари топқир йўлларидан фойдалана бошлаган. Масалан, айрим фойдаланувчилар бир хил ҳарфларни фарқлашда ёрдам берадиган нуқта ва белгиларсиз ёзиладиган эски араб ёзувидан фойдалана бошлаган. “Facebook” ширкатининг ички ҳужжатларига кўра, фойдаланувчилар эски араб ёзуви орқали “Facebook” бошқарадиган “Instagram” иловасида нафрат нутқи фильтрларини четлаб ўта бошлаган.
Аммо Слаеҳга бу тактикалар ёрдам бермади. Журналистнинг фикрича, “Facebook” уни шунчаки журналистика билан шуғуллангани учун тақиқлаган. Ғазода фаолият юритувчи мухбир сифатида у Исроил чегарасида яраланган фаластинлик намойишчилар ва фарзанди тобути устида йиғлаётган оналар суратлари, шунингдек, Ғазо секторида ҳукмронлик қулувчи жангари Хамас ташкилоти баёнотларини улашади.
“Facebook” ўзининг хавфли шахслар ва ташкилотлар рўйхатига киритилган гуруҳлар ҳақидаги танқид, сатира ва ҳатто оддий эслатмаларни ўчириб ташлаши мумкин.
“Араб тилида терроризмга қарши контентни нотўғри назорат қилганмиз”, дейилади ҳужжатларнинг бирида. Ҳужжатда ширкатнинг жорий тизими “фойдаланувчиларнинг сиёсий муҳокамаларда иштирок этишини чеклаб, уларнинг сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқларига тўсқинлик қилади”, дейилади.
Ҳужжатларга кўра, Facebook қора рўйхатига Хамас партияси билан бир қаторда Ливан парламентида ўрин эгаллаган Ҳизбуллоҳ жангари гуруҳи ҳамда Яқин Шарқдаги бошқа кўплаб гуруҳ киритилган.
“Агар жангарилар фаолияти ҳақида пост ёзганлар содир бўлаётган ҳодисаларни аниқ қораламаса, уларга худди жангариларни дастаклагандек муносабатда бўлардик”, деди 2017 йилгача “Facebook”да арабча контентни модерация қилиш билан шуғулланган собиқ ходими Май эл-Маҳдий.
“Facebook” “Associated Press” агентлигининг саволларига жавобан ўз модерация сиёсатини ишлаб чиқиш учун мустақил экспертлар билан маслаҳатлашаётгани ҳамда “улар дин, минтақа, сиёсий дунёқараш ёки мафкурага нисбатан холис туриш учун кўплаб чора кўришини” таъкидлади.
“Тизимларимиз мукаммал эмаслигини биламиз”, дейилади ширкат билдирувида.
Юқорида тилга олинган сабабларга кўра, “Facebook” модераторлари озчилик гуруҳлар зиёнига ҳукуматларга ён босади, деган фикр кенг тарқалган.
Собиқ ходимлар турли ҳукуматлар чекловлар ва жарималар билан таҳдид қилиб, ширкатга босим ўтказишини айтишди. “Facebook“ учун мўмай даромад манбасига айланган Исроилда “Facebook”нинг Яқин Шарқдаги ягона маҳаллий офиси жойлашган. Шўъбанинг давлат сиёсати бўйича директори аввалроқ собиқ ўнг қанот Бош вазир Биньямин Нетаньяхуга маслаҳатчи бўлган.
Исроил хавфсизлик агентликлари “Facebook” саҳифаларини яқиндан кузатиб боради ва ширкатга фаластинликлар аккаунтлари ва постларини ўчириш тўғрисида минглаб сўров юборади.
“Facebook” ширкатининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка минтақасида сиёсат бўйича собиқ раҳбари Ашраф Зайтун:
“Улар тизимни [сўровлар] билан тўлдириб, бутунлай гангитиб қўйишади”, деди.
“Бу эса тизим Исроил фойдасига хато қилишига сабаб бўлади”.
“Facebook” баёнотида ёзилишича, ширкат ҳукуматлардан келган ўчириш талабларига алоҳида эътибор қаратмайди. Аммо баёнотда ширкат маҳаллий қонунлар асосида контентдан фойдаланишни чеклаши мумкинлиги айтилади.
“Биз контентни Исроил ҳукумати босими остидагина ўчираётганимиз ҳақидаги ҳар қандай даъво мутлақо нотўғри”, дейилади унда.
Мухолифат ҳақида хабар бериб келаётган суриялик журналистлар ва фаоллар ҳам “Facebook” цензурасидан шикоят қилмоқда. Мамлакатда президент Башар Асадни дастакловчи “электрон қўшинлар” унга қаратилган танқидни ўчиртириш учун зўр бериб курашиб келади.
Суриядаги ҳукуматга қарши фаоллар ва фуқаро журналистлар тузган Ҳалаб медиамарказининг собиқ мухбири Раиднинг сўзларига кўра, у Сурия ҳукуматининг маҳалла ва шифохоналарни ўққа тутгани ҳақида тўплаган кўпгина ҳужжатларни “Facebook” ўчириб ташлаган. Ширкат буни Раид тўплаган материалларда кўнгилни хира қилувчи тасвирлар борлиги билан изоҳлаган.
“Facebook доим қоидаларни бузаётганимизни айтади, лекин ҳеч ким қоидалар қандай эканини айтмайди”, деб қўшимча қилди у.
Раид тазйиққа учрашидан қўрқиб, исмини тўлиқ ошкор қилишдан бош тортди.
Афғонистонда кўпчилик фойдаланувчилар “Facebook” қоидаларини том маънода тушуна олмайди. Январь ойида ҳозирланган ички ҳисоботга кўра, “Facebook” сайтнинг нафрат ва нотўғри маълумотлар тўғрисидаги саҳифалари паштун ва дари тилларига таржима қилинмаган. Мамлакатда ушбу икки тил энг кенг тарқалган бўлиб, аҳоли орасида инглиз тилида сўзлашувчилар жуда оз.
Афғонистонлик фойдаланувчилар постларда нафрат борлиги ҳақида хабар беришга уринса, сайт менюлари фақат инглиз тилида очилади. “Ҳамжамият стандартлари” саҳифаси ҳам ўгирилмаган. Шунингдек, “Facebook” Афғонистонда бошқа жойларда бўлгани каби дари ва паштун тилларидаги контентни модерация қилиш учун ишлатиладиган нафрат сўзлари, ҳақорат ва кодли сўзлар рўйхатини тузмаган. Маҳаллий сўзлар маълумот базасисиз “Facebook” сайт саҳифаларидаги энг ёмон қоида бузарликларни аниқлаш учун автоматлаштирилган фильтрларни ярата олмайди.
Араб дунёсининг аксарият қисмида эса бунинг тескариси – ширкат хатога йўл қўядиган сунъий интеллект фильтрларига ҳаддан ташқари кўп таянади. Ҳисоботларнинг бирида бу ҳолат “кўплаб нотўғри позитивларга ва оммавий ахборот воситаларида салбий хабарларга” олиб келиши эътироф этилган. Малакасиз модераторлар эса фаол равишда сайт саҳифаларини текшириш ўрнига пассив тарзда ўчириш сўровларига жавоб қайтариш билан шуғулланади.
“Facebook”да уч йил ишлаган собиқ ходим Софи Чжаннинг айтишича, ширкатнинг Ирландиядаги офисидаги пудратчилар унга “Google Translate” ишлатишга мажбур эканликларидан шикоят қилишган, чунки уларга улар билмаган тиллардаги контентни назорат қилиш тайинланган.
Ширкат ҳужжатларининг бирида ёзилишича, араб тилидаги контентни модерация қилиш учун кўп ҳолатларда марокашликлар ёлланади, аммо улар араб тилининг 30 га яқин диалектини яхши билмагани учун 77% ҳолатда беғараз арабча сўзларни террористик контент ўлароқ белгилайдилар.
“Бу вакиллар Мағриб ташқарисидан келадиган контентни кўриб чиқмаслиги керак, аммо ҳозир бу одатий ҳол”, дейилади бошқа ҳужжатда. Ҳужжатга кўра, Касабланкадаги офис араб тилининг “ҳар бир лаҳжасида” иш олиб бора олиши ҳақида ёлғон даъво қилган. Аммо бир ҳолатда модераторлар Миср лаҳжасидаги матнни 90% ҳолларда нотўғри белгилашган.
“Facebook” платформасида Ироқ нафратга тўла риторика бўйича минтақада энг юқори ўринда туриши кўрсатилган. Аммо ҳужжатда модераторлар орасида Ироқ лаҳжасини биладиганлар деярли йўқ экани айтилади.
“Журналистлар инсон ҳуқуқлари поймол қилинган ҳолатларни фош қилишга уринмоқда, лекин биз тақиққа учраяпмиз”, деди исмини ошкор қилишни истамаган бағдодлик матбуот эркинлиги учун курашаётган фаоллардан бири.
“Facebook жангарилар таъсирини чеклашга ҳаракат қилаётганини тушунамиз, аммо бу иш бермаяпти”.
Эссекс университетининг араб тилшунослиги профессори Энам ал-Вер “Араб тили бир бутун тил экани ҳақидаги стереотип асосий муаммо” эканини айтади. У араб тили нафақат бир мамлакатдан иккинчисига, балки турли синфлар, жинслар, динлар ва этник гуруҳлар вакиллари орасида фарқ қилади дейди.
Хауген ёйинлаган ҳужжатлар бу йилги Ғазо урушидан олдин тўпланган бўлса-да, 11 кунлик можаро давомида кузатилган ҳолатлар “Facebook” ўз ички ҳисоботларида қайд этилган муаммоларни бартараф этиш учун етарлича чора кўрмаганини кўрсатади.
Ғазо ва Ғарбий Соҳилдаги фаоллар жонли эфирга чиқиш имкониятидан маҳрум бўлди, можаро ҳақида улашилган минглаб постлар ўчирилди.
Уруш пайтида фаластинлик фаоллар “Facebook”ка юзлаб шикоят юборишган. Кўп ҳолатларда ширкат хатога йўл қўйилганини тан олган ва ўчирилган пост ва аккаунтларни тиклаган.
“Facebook”нинг ички ҳужжатларда алгоритмларни “яхшилаш”, кўпроқ араб модераторларини жалб қилиш ва уларни ўзи билган диалектларда ишлашга чеклаш зарурлиги таъкидланади.
Айни пайтда, Яқин Шарқда кўпчилик “Facebook”нинг камчиликлари жуда қимматга тушаётганидан хавотирда. Уларнинг сўзларига кўра, бу камчиликлар минтақада узоқ вақтдан бери давом этаётган тенгсизликни кучайтириши, фуқаровий фаолликни сусайтириши ҳамда зўравонликни кучайтириши мумкин.