Ўзбекистонда сўнгги 28 йилда иккинчи марта Фанлар академиясига ҳақиқий аъзолар сайланди

Ўзбекистон Фанлар академияси. Архив фотосурат.

Фанлар академиясига сайланган 16 шахс президент Шавкат Мирзиёев фармони билан академиянинг ҳақиқий аъзоси сифатида тасдиқланди. Бу сўнгги 28 йил ичида Фанлар академиясига ҳақиқий аъзоларни тасдиқлаш бўйича имзоланган учинчи фармондир.

Ўзбекистон мустақилликка эришганидан сўнг Фанлар академиясига илк сайлов 1995 йилда ўтказилган эди. Шундан сўнг 22 йил давомида Фанлар академиясига ҳақиқий аъзолар тасдиқланмаган. Фақат 2017 йилга келиб Мирзиёев 32 кишини академия ҳақиқий аъзолигига тасдиқлаган эди.

1943 йилнинг 4 ноябрида ташкил этилган Ўзбекистон Фанлар академияси жорий йилда ўзининг 80 йиллигини нишонлайди. Академия 40 дан ортиқ илмий бўлимларга эга.

Биринчи президент Ислом Каримов ҳукмронлиги даврида Фанлар академияси ҳукумат эътиборидан деярли четда қолгани айтиб келинади. Масалан, президент Ислом Каримов академияга қарашли қатор илмий марказларни университетлар тасарруфига ўтказиб берган эди.

Ўзбекистон президенти 2016 йил 29 декабрь куни имзолаган фармонга кўра¸ 2017 йил 1 январдан бошлаб Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларига солиққа тортилмайдиган 10 минимал ойлик (тахминан 1,5 миллион сўм) миқдорида қалам ҳақи берила бошланган.