Фанлар академияси президенти Беҳзод Йўлдошев оламдан ўтди

Ўзбекистон Фанлар академияси президенти, академик Беҳзод Йўлдошев (ЎзФА фотоси)

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси президенти, физика-математика фанлари доктори Беҳзод Йўлдошев 28 август куни 79 ёшида вафот этган. Бу ҳақда Фанлар академияси матбуот хизмати маълум қилди.

ЎзФА таъзияномасида академик Беҳзод Йўлдошев “юқори энергиялар физикаси соҳасида халқаро миқёсда таниқли ва эътироф этилган олим” экани урғуланган.

Фанлар академияси сайти маълумотига кўра, Беҳзод Йўлдошев 1945 йил 9 майида Тошкент шаҳрида туғилган. У 1968 йил Тошкент давлат университетининг ядро физикаси факультетини имтиёзли тугатганидан сўнг 1971 йилда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна)да номзодлик, 1981 йили эса физика-математика фанлари доктори диссертациясини ҳимоя қилган.

Меҳнат фаолиятини Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ядро физикаси институтида кичик илмий ходимликдан бошлаган Беҳзод Йўлдошев турли йилларда Физика-техника институтида катта илмий ходим, лаборатория мудири, Ядро физикаси институтида директор лавозимларида ишлаган. У 2000 йилдан 2005 йилга қадар, кейин эса 2017 йилдан шу кунгача Ўзбекистон Фанлар академиясига раҳбарлик қилган.

Академик Йўлдошев Халқаро атом энергияси агентлигининг (Вена, Австрия) фан бўйича маслаҳатчиси ҳамда Бирлашган ядро тадқиқотлари институти (Дубна, Россия) бош илмий ходими лавозимларида ҳам фаолият юритган.

Олим Фермилаб (АҚШ) ва ТРИУМФ (Ванкувер, Канада) миллий тезлатгичлар лабораториясида халқаро тадқиқотчилар гуруҳи томонидан бажарилган иккита илмий тажрибага раҳбарлик қилган. Шунингдек, сўнгги йилларда Беҳзод Йўлдошев Европа ядро тадқиқотлари марказининг (CERN, Женева, Швейцария) Катта Адрон коллайдерида ва Бирлашган ядро тадқиқотлари институтида олиб борилаётган тадқиқотларда иштирок этган.

Олимнинг асосий илмий-ташкилий фаолияти элементар зарралар физикаси, ядро физикаси, саноат, қишлоқ хўжалиги ва тиббиёт соҳаларида ядро технологияларидан фойдаланиш каби масалалар юзасидан бўлган.

Беҳзод Йўлдошев 400 дан ортиқ илмий иш, жумладан 3 та монография ва 20 дан ортиқ ихтиролар муаллифи бўлиб, унинг илмий раҳбарлигида 9 нафар фан доктори ва 30 га яқин фан номзоди етишган. Олим Олий Мажлис Сенати аъзоси эди.