Ҳуқуқ фаоллари Ўзбекистон МТРКнинг конституциявий тузумга тажовуз қилганини иддао қилмоқда

Наманганда ҳокимият биносини босиб олган "Ислом лашкарлари" раҳбари Тоҳир Йўлдош ва унинг ёнида чўккалаб ўтирган президент Ислом Каримов (1991 йил декабрида олинган видеодан скриншот)

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг апелляция судлов ҳайъати 21 август куни қуйи инстанция суди томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 159-моддаси (Конституциявий тузумга тажовуз қилиш) билан айбланиб, шартли равишда 2,5 йилга озодликдан маҳрум қилинган Севара Шайдуллаевага нисбатан ҳукмни ўз кучида қолдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифаси орқали маълум қилди.

Жиноят иши материалларига кўра, Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида яшовчи фуқаро Севара Шайдуллаева 2023 йилнинг сентябрь ойида отасининг телефон аппаратига 1991 йилда Наманганда президент Ислом Каримовнинг маҳаллий ҳокимият биносини босиб олган исломчилар раҳбари Тоҳир Йўлдош билан тарихий мулоқоти акс этмиш видео ҳаволасини юборган.

Бундан ўн йил муқаддам тармоққа жойлаштирилган ва ҳозиргача 7 миллион мартадан кўпроқ кўрилган “Легендарная съемка. Тахир Юлдаш и Ислам Каримов в Намангане в 1991 году” деб аталувчи мазкур видео Шайдуллаеванинг конституциявий тузумни ағдаришга қаратилган жинояти ўлароқ эътироф этилган.

Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судининг апелляция ҳайъати мажлисларида иштирок этган “Эзгулик” фаолига кўра, суд ҳайъатига жамият томонидан мазкур кўрсатувнинг Ўзбекистон телерадиокомпанияси телеканаллари орқали эфирга узатилгани, эфир соатлари ҳақидаги маълумотларни тақдим қилган.

“Агар бу материалда конституцион тузумни ағдаришга қаратилган чақириқлар бўлиб, видеоконтент экстремистик деб топилган бўлса, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари каналлар устидан худди шу тартибда жиноят иши қўзғаши керак бўлади”, деди жамият фаоли Абдураҳмон Ташанов.

Суд материалларида мазкур видеоконтентнинг экстремистик характерга эга экани ҳақидаги тегишли суд экспертизалари мавжуд.

Ташановга кўра, Ўзбекистон Республикасининг процессуал қонунчилиги экстремистик материалларни тарқатган ҳар қандай шахс ёки муассасага нисбатан жиноий таъқибни тақазо қилади. Қонунчиликда жиноий таъқиб ҳар бир шахс ёки бошқаларга нисбатан тенг амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур қонун нормаларидан келиб чиқиб, экстремистик материални миллионлаб томошабинларга улашган Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси жавобгарликка тортилишини талаб қиламиз”, деди Ташанов.

Жиноят ишида мавжуд Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ тумани прокурори А. Ғаниев томонидан тасдиқланган айблов хулосасида (нусхаси Озодликда мавжуд – таҳр.) айтилишича, мазкур видео судга оид диншунослик экспертизаси хулосасига кўра экстремистик, таъқиқланган ва конституциявий тузумга тажовуз қилишни ифодалайди.

Экспертлар фикрича, Ўзбекистон Олий судининг 2016 йил 26 сентябридаги қарорига асосан экстремист деб тан олинганлар рўйхатида АҚШнинг Афғонистондаги аксилтеррор кучлари томонидан йўқ қилинган "Ўзбекистон исломий ҳаракати" етакчиси Тоҳир Йўлдош ҳам бор ва унинг ҳар қандай чиқиши ёки тасвирлари тузумга нисбатан тажовуздир.

Ижтимоий тармоқдаги мазкур очиқ видеода Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг норозилик намойиши ўтказаётган оломон ва уларнинг йўлбошчиси Тоҳир Йўлдош билан мулоқоти акс этган.

Митинг давомида Тоҳир Йўлдош ва унинг тарафдорлари мусулмонларнинг сиёсий ҳаётда иштирок этишига рухсат бериш, жума кунини дам олиш куни этиб белгилаш ва Ўзбекистонни исломий давлат деб эълон қилиш масаласини парламент муҳокамасига қўйиш сингари талабларни илгари суришган.

Президентликка номзод Ислом Каримов олдинроқ ҳокимият биносига йиғилган сайловчилар билан учрашмагани учун улардан кечирим сўраган ва мусулмонларнинг талабларини тегишли равишда кўриб чиқиш, жумладан, Ўзбекистонни исломий давлат деб эълон қилиш масаласини депутатлар билан муҳокама қилишга ваъда берган.

Видеолавҳаларда ўша пайтдаги ҳукумат аъзолари, жумладан, Ислом Каримовнинг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков ҳам акс этган.

Ҳуқуқ фаолига кўра, қонуний таъқиблар амалиётидаги бундай ёндашув "жамиятнинг тоталитарлашувига ва ҳуқуқий нигилизмга олиб келади".