Жорий йилнинг 25 июль куни Фарғона вилоятининг Фарғона тумани ҳудудида шиддатли жала ва дўл ҳодисалари кузатилган. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати агентлиги маълумот тарқатди.
Ўзбекистонлик метеорологлар қайдича, пайшанба куни Фарғона тумани Шоҳимардон МФЙ ҳудудида жойлашган Қуркул сел йўлида соат 15:30 да секундига 1,5-2 метр кублик сел оқимлари вужудга келган, бироқ оқим аҳоли ва ҳудудларга зарар етказган эмас.
Айни пайтда Фарғона тумани Шоҳимардон қишлоғи тоғ-адирликларида соат 15:30 да жала ёмғир ва дўл ёғиши натижасида секундига 4-5 метр кублик сел оқимлари вужудга келган, бунинг натижасида қишлоқ врачлик пункти ҳовлиси ҳамда маҳалли аҳоли вакилларига қарашли тўртта ҳовли-жой қум-шағал билан тўлган.
“Ўзгидромет” вакиллари 25 июль куни Фарғона тумани Ёрдон МФЙ ҳудудида жойлашган Букан сел йўлида ҳам соат 15:30 да секундига 1,5-2 метр кублик сел оқимлари вужудга келгани, бундан аҳоли ва ҳудудларга зарар етмаганини маълум қилишган.
Хабарномада айни пайтда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари ҳудудда тозалаш ишларини олиб боришаётгани, аҳоли орасида жабрланганлар йўқлиги қўшимча қилинган.
Аввалроқ Гидрометеорология хизмати агентлиги 23-26 июль кунлари кутилаётган ёғин-сочин Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида сел-сув тошқини ҳодисаларига сабаб бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган эди. Сел кутилаётган ҳудудлар орасида Фарғона вилоятининг Фарғона тумани ҳам бўлган.