Фарғона вилоятида “диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи ва Ўзбекистон Республикаси ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материалларни тарқатишда айбланган” ўрта мактаб ўқитувчиси уч йилга қамалган. Бу ҳақда Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси Аброрхон Акрамовнинг Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайти орқали ёйинланган мақоласида айтилган.
Фарғоналик ўқитувчининг иши даставвал жиноят ишлари бўйича Қўштепа туман судида кўриб чиқилган. Мақола муаллифининг суд ҳукмига таянган ҳолда ёзишича, судланувчи А. С. ўзига тегишли бўлган “Redmi 4X” русумли телефон аппаратидан фойдаланиб, 2019 йилда интернет тармоғига уланиб, диний ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган, диний ақидапарастликни тарғиб қилувчи ҳамда Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш, тайёрлаш ва тарқатиш тақиқланган материалларни телефон аппарати хотирасига кўчириб олган. Мазкур материаллар орасида “Абдуллоҳ Зуфар”, “Абдували қори Мирзаев”, “Содиқ Самарқандий", “Абдуллоҳ Бухорий”, “Абу Ханифа” ва шу каби шахсларнинг жиҳод, ҳижрат ва шаҳидликка ундовчи диний маърузалари бўлгани иддао қилинган.
А. С. мазкур материалларни уяли телефон аппарати хотирасида сақлаб келиб, интернет ёрдамида мазкур материалларни таниши Х.И.нинг Telegram мессенжерига юбориш орқали тарқатганликда айбдор деб топилган. Бунинг ортидан унга нисбатан 3 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.
Мазкур иш бўйича судланувчи томонидан киритилган апелляция шикояти Фарғона вилоят суди жиноят ишлари бўйича апелляция инстанцияси томонидан кўриб чиқилиб, суд ҳайъатининг 2022 йил 18 январидаги ажрими билан биринчи инстанция суди томонидан А.С.га оид жиноят ишини қонуний, асосли ва адолатли кўриб чиққан деб баҳоланган ҳамда биринчи инстанция судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилган.
Муаллиф А. Акрамов ўз мақоласида судланувчи А. С.нинг ўрта таълим мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаганига алоҳида урғу бериб, улуғ даргоҳда ишлаган бу шахснинг “оқ ва қорани ажрата олмаган”идан ёзғирган.