Жорий йилнинг 15 ноябрь куни Фарғона вилоятининг Данғара тумани Пишкарон маҳалла фуқаролар йиғини Сойсоҳили кўчасида яшаган 28 ёши бола ўзини осиб қўйган. Бу маълумот Бош прокурор матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов томонидан тасдиқланди.
Аввалроқ ижтимоий тармоқларда данғаралик йигит ўз жонига “1Xbet”да 16 миллион сўм ютқазиб қўйгани учун қасд қилгани ҳақида хабар тарқалганди.
БП мулозими мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани, ўлим сабабини аниқлаш учун судга оид тиббий экспертиза тайинланганини билдирган.
Ўтган ҳафта маҳаллий матбуотда тотализаторда 57 миллион сўм ютқазиб қўйгани ортидан Фарғона давлат университети ўқитувчиси Б.Р. ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган эди.
Ўзбекистонда онлайн қимор кўплаб оилаларда фожиаларга сабаб бўлаётгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган.