Фарғонада номаълум шахслар қонунга хилоф равишда 12 туп дарахтни қўпориб ташлашди

“Андархон” чегара маскани яқинида қўпорилган дарахтлар (Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилоят бошқармаси фотоси)

Фарғона вилоятининг Бешариқ тумани “Андархон” чегара маскани яқинида номаълум шахслар томонидан 12 туп дарахтни илдизи билан қўпориб ташланган.

Табиат ресурслари вазирлиги Фарғона вилоят бошқармаси матбуот хизмати маълумотига кўра, ҳолат юзасидан ўтказилган ўрганиш чоғида 3 туп тол ва 9 туп арча дарахти қўпорилгани, натижада ўсимлик дунёсига қарийб 100 миллион сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган.

Ҳозирда ҳуқуқбузарлар шахсига ойдинлик киритиш ва ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар вилоят прокуратурасига тақдим этилди”, дейилган бошқарма хабарномасида чегара маскани яқинидаги дарахтларга махсус техника ёрдамида қирон келтирган бу ҳуқуқбузарларнинг шахси аниқланган-аниқланмагани айтилган эмас.

Ўзбекистон президенти томонидан 2021 йил 31 декабрь куни имзоланган фармонга мувофиқ, мамлакатда давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталар қимматбаҳо навларининг кесилишига мораторийнинг амал қилиши муддатсиз даврга узайтирилган. Дарахтларни ҳар қандай ҳолатда кесиш ёки йўқ қилиш тўғрисида ҳукумат фармойишлари ва ҳокимлар қарорларини қабул қилиш ҳам тақиқланган.