Фарғона вилоятидаги жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани суди 4 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-модда 1-қисми (Ёлланиш), 223-модда 2-қисми а-банди, б-банди билан (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) айбланган Алишер Холиқовни 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда Ўзбекистон Олий суди маълумот тарқатди.
1-1512-2402/213-сонли жиноят иши материалларини ўрганган Озодликнинг мобиль мухбирига кўра, Ўзбекистоннинг 51 ёшли ватандоши Россиянинг Украинага қарши урушида иштирок этган. У Россия Мудофаа вазирлиги билан шартнома асосида ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган ва дрон орқали ташланган снаряд портлаши оқибатида жароҳат олган.
Иш материалларига мувофиқ, Алишер Холиқов ўтган йилнинг 26 майида “Дўстлик” божхона маскани орқали Қирғизистонга чиқиб, у ердан Ўш–Санкт-Петербург рейсида Россияга учиб кетган ва кейинчалик ҳарбий ҳаракатларга сафарбар қилинган.
Суд ҳукмида айтилишича, Холиқов 2023 йилнинг 24 ноябрида Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги билан бир йил муддатга ҳарбий хизматни ўташ бўйича шартнома имзолаган ва Украинадаги жанговар ҳаракатларга сафарбар қилинган.
У Россия армиясидаги 80 нафар шахс билан бирга Россия–Финляндия чегараси яқинидаги “Каминка” ҳарбий қисмидаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. У Россия армиясидаги жанговар ҳаракатлари эвазига 500 минг рубль (64,6 миллион сўм) миқдорида рағбатлантириш олгани аниқланган.
“Икки ой давомида Холиқов “Каминка” қисмида жанговар тайёргарликдан ўтиб, ўқотар қурол ва ўқ-дорилар билан ишлашни ўрганган. Кейин, 24 январь куни у Белгород вилоятининг Майский қишлоғидаги ҳарбий полигонга ўтказилган ва у ерда ўқишни давом эттирган”, дейилган айблов хулосасида.
Суд ҳукмида баён этилишича, унга Белгородда ҳарбий форма, гувоҳнома, жетон ва Калашников автомати берилган. У ерда уч кун давомида Холиқов бошқалар билан биргаликда ўқ отишни машқ қилган ва турли ҳарбий машқларни бажарган.
Мазкур ҳодисани ёритган Gazeta.uz нашрига кўра, Алишер Холиқов Россия Мудофаа вазирлигининг буйруғи билан Ўзбекистоннинг биометрик паспортига эга бўлмаган яна 79 нафар шахс билан биргаликда Ўзбекистон қонунчилигини бузиб, ҳарбий хизматчилар кузатувида Украина чегарасини ноқонуний кесиб ўтган. Ўзини Украинадан мустақил деб эълон қилиб олган Луганск халқ республикаси ҳудудидаги жангларда Алишер Холиқов дрондан туширилган снаряд портлаши оқибатида бошининг чап чакка қисмидан, чап қўли, чап елкаси ва ўнг оёғидан жароҳат олган. Яраланган Холиқов март ойида Москвадаги шифохонада ҳушига келган.
Шу йилнинг 4 июлида Санкт-Петербург — Тошкент рейсида Ўзбекистонга қайтиб келган Алишер Холиқов судда ўз айбига тўлиқ иқрор эканини билдирган.
Холиқов Россия томонида туриб Украинада жанг қилган ўзбекистонликларнинг биринчиси эмас. Озодлик сентябрь ойида Тошкентда суд “Вагнер” хусусий ҳарбий ширкатида хизмат қилган 48 ёшли ўзбекистонлик Б. З. нинг 4 йилга озодлигини чеклаш ҳақида ҳукм чиқаргани ҳақида хабар қилган.
Шунингдек, июль ойи ўрталарида Қорақалпоғистоннинг Амударё туман суди Россия армиясида хизмат қилиш учун шартнома имзолаган, бироқ жанговар тайёргарликни тамомлагач, ҳарбий лагердан қочиб, Ўзбекистонга қайтган фуқаронинг озодлигини 3 йилга чеклаш тўғрисида ҳукм чиқаргани ҳақида хабар қилинганди.
Ундан аввал эса “Вагнер” ХҲШ сафида ярим йил мобайнида Украинада жанг қилган Шавкат Йўлдошевга нисбатан Оҳангарон туман суди томонидан 2 йилу 6 ой муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинлангани очиқланган эди.