Фарғона вилоятининг Ўзбекистон туманида 6 ноябрь куни хот-дог истеъмол қилгани ортидан заҳарланган тўрт киши касалхонага ётқизилган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология қўмита ахборот хизмати маълумот тарқатди.
Cанэпидқўмита вакиллари томонидан ўтказилган суриштирув давомида беморларнинг 2 нафари 2024 йил 5 ноябрь куни тушлик вақтида Ўзбекистон тумани "Яйпанбозорбош" МФЙ, Ибн Сино кўчасида фаолият олиб бораётган фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида, яна 2 нафар бемор эса мазкур туманнинг "Оқтепа" МФЙ, "Туркистон" кўчасида фаолият олиб бораётган “OQTEPA MINI FOOD” номли фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчасида хот-дог маҳсулотини истеъмол қилганлари маълум бўлган.
Врачлар кўригидан ўтган бу кишилар “ошқозон-ичак фаолиятининг функциясини бузилиши” ташхиси билан туман Тиббиёт бирлашмасига қарашли Юқумли касалликлар бўлимига ётқизилгани, “беморларнинг умумий ҳолати қониқарли” экани айтилган.
Ҳолат ўз мутахассислари томонидан тўлиқ назоратга олингани ҳақида билдирган Санэпидқўмита заҳарланишга сабаб бўлгани айтилаётган фастфуд маҳсулоти тайёрлаб сотиш шохобчалари айни пайтда фаолият юритиб-юритмаётганига аниқлик киритган эмас.