“Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини тузиш мақсадида имзо тўплаш учун Фарғона шаҳрига борган профессор Хидирназар Аллақулов ва унинг тарафдорлари 7 июнь куни яна можаро марказида қолди.
Фарғона вилояти ички ишлар бошқармаси маълумотига кўра, Хидирназар Аллақулов чоршанба куни Фарғонадаги “Ислом Каримов” номли санъат саройи ҳудудида юзага келган низоли ҳолат бўйича шаҳар ИИО ФМБга (Ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига) мурожаат қилган. Қайд этилишича, профессорнинг мурожаати ички ишлар ходимлари томонидан белгиланган тартибда қабул қилинган.
“Шунингдек, ИИО ФМБ биносининг ташқарисида фуқаро Аллақулов Х. фуқаро 1971 й.т. М.У. билан ўзаро тушунмовчилик натижасида жанжаллашиб, гўёки унинг имзо йиғиш жараёнига ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан аралашув бўлаётганлигини асоссиз важ қилиб, шаҳар ИИО ФМБ ҳудудига қайтиб кириб, ички ишлар органлари ходимлари билан жанжал уюштирган”, дейилган расмий муносабатда “фуқаро Аллақулов Х. ўз тарафдорлари А.Ш. ва Т.Ш. билан фаол қаршилик кўрсатиб, хизмат вазифасини бажараётган икки нафар ички ишлар ходимига тан жароҳати етказишган”и иддао қилинган.
Баёнотда айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани қўшимча қилинган.
Ўз навбатида, Аллақуловнинг тарафдорлари партиянинг YouTube каналида Фарғонадаги имзо йиғиш чоғида провокацияга дуч келишганини қайд этишган. Уларнинг иддаосича, ИИБга борган Аллақулов бир неча тарафдори билан биргаликда ўша ерда бир неча соатдан бери тутиб турилибди, фаолларнинг қўлларига кишан урилган.
Профессор Хидирназар Аллақулов ва партия фаоллари “Ҳақиқат, тараққиёт ва бирдамлик” партиясини тузиш учун имзо йиғиш мақсадида 20 май куни Андижонга борганида бир гуруҳ номаълум шахслар ҳужумига учрагани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.