17 декабрь куни Фарғона шаҳридаги пропан газ қуйиш шохобчасида юз берган портлаш гувоҳлари ҳодисада расман хабар қилинганидан кўпроқ одам қурбон бўлганини айтишмоқда.
Аҳмад Яссавий кўчасида жойлашган “Petrolium” пропан газ қуйиш шохобчасида содир бўлган портлашда, ИИВнинг хабарига кўра, уч киши ҳалок бўлган.
Расмий хабарга кўра Янгийўл маҳалласидаги 5 м. куб сиғимли контейнерга газ қуйиш жараёнида ёриқ келиб чиқиб, газ моддаси ташқарига сизиб чиқиши оқибатида, портлаш ва ёнғин содир бўлган.
“Натижада, 1 нафар фуқаро воқеа жойида ҳалок бўлган, шу ҳудудда бўлган бир нечта фуқаролар турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан улардан 3 нафари шифохонада вафот этган.
Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона вилоят ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми “а” банди ҳамда 259-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирги кунда жиноят иши доирасида 5 нафар шахс процессуал тартибда қамоққа олинган, 2 нафар шахсларни ушлаш чоралари кўрилмоқда”.
Аммо Озодлик манбалари портлаш оқибатида ҳалок бўлганлар сони расмий хабардагидан анча кўп бўлганини иддао қилишди:
“Бу портлашда ҳалок бўлганлар сонини ҳукумат яширмоқда. Менинг танишларимдан бир оиладан тўрт киши нобуд бўлди. Бир аёл учта фарзанди ва жиянчаси билан заправка қилгани кирган бўлган. Ўшалар ҳаммаси ёниб кетиб ҳалок бўлган. Бир соат олдин Бешбўла масжидида жанозаси ўқилди. Бундан ташқари видеоларда йўлда ўлиб ётган тўрт кишини кўришингиз мумкин. Касалхонага бир ўртоғим қон топширгани борса, бўлди қон керак эмас деб, 8 киши ўлганини айтган. Бундан ташқари заправкада ишлайдиган учта одам таниб бўлмас даражада куйиб кул бўлганини айтишмоқда”.
Озодлик суҳбатлашган бошқа фарғоналиклар ҳам ўлим ҳолати йигирма кишидан кўп бўлганини иддао қилишмоқда.
Кун.узга интервью берган касалхона шифокори 9 киши оғир куйиш жароҳати олганини айтган.
18 декабр куни Озодлик билан суҳбатлашган, исми сир қолишини сўраган фарғоналиклардан бири, касалхонада олиб борилган одамлардан беш киши вафот этганини кўрганини айтди.
“Видеода кўрган бўлсангиз, биттаси “Жентра” мошинани итариб юрган эди. У Фарғона шаҳар ҳокимининг қишлоқ хўжалиги ишлари бўйича ўринбосари Нодирбек ака бўлади. Касалхонага бориб кўриб келдим. У 70 фоиз куйган, аҳволи ниҳоятда оғир. Кўзим билан кўрганим, эрталаб бешта ўликни олиб кетишди”.
Исми сир қолишини сўрган воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, ёнғин кўчанинг нариги бетида бўлган новвойхонадан ёйилиб борган газга туташувидан сўнг бошланган:
“Мошинада олиб келинган пропанни сиғимга қуяётган пайтда задвижка, яъни уланадиган жойи синиб кетган. Уни ёпишолмаган. Газ ёйилиб йўлнинг у юзидаги новвойхонагача бориб ёниб кетган ва бир зумда бутун территорияни эгаллаб мошина портлаб кетган”.
Фарғоналикларнинг айтишларича, 17 декабр кечқурундан бошлаб воқеа содир бўлган жойни шошилинч тозалаш бошланган.
“Кечаси билан портлаш содир бўлган жойда иш тинмади. Аҳолининг портлаш зарбидан синган дераза ойналари бутаб бериляпти. Куйиб кетган дарахтлар қўпориб ташланиб, ўрнига бошқа дарахтлар ўтқазилди. Худди катталар келиб кўрадигандек, ҳамма жойни оқлаб, краскалаб қўйишди”.
Портлаш содир бўлган жойга яқин болалар боғчасига қатнайдиган ўғли бу фожиадан сўнг кучли руҳий зўриқиш олганини Озодликка айтган фарғоналиклардан бири шаҳар ўртасига АЁҚШ қурган тадбиркор жавобгарликка тортилиши кераклигини таъкидлайди:
“Портлаш содир бўлганда болалар тушки уйқу пайтида экан. Тарбиячилар додлаб болаларни уйғотган, болалар қўрққанидан карахт бўлиб қолган. Менинг ўғлим ҳам ҳозиргача гапирмаяпти. Бир нуқтага қараб турганича жим турибди. Саволлараг жавоб бермайди. Дўхтирга кўрсатсак бола қаттиқ шокка тушган, ўтиб кетади дейишяпти. Бола боғчаси ёнига ҳам заправка қурасанми, номард. Ким буларга рухсат берган? Ҳаммаси жавобгарликка тортилиши керак”.
18 декабрь куни тушдан кейин портлаш содир бўлган ҳудуд атрофидаги аҳоли яна хавфсиз жойга вақтинчалик бориб туриши ҳақида огоҳлантирилди.
Озодликка келган видеода одамлар тўп-тўп бўлиб кетишаётганини кўриш мумкин. Ижтимоий тармоқларда эса, цистернада қолган газни сўриб олиш чораси кўрилаётгани ҳақида ёзилди.
Портлаш видеолари маҳаллий нашрларда тарқалганидан сўнг, бензин ва газ қуйиш шохобчаларининг аҳоли яшайдиган уйлар ва болалар боғчасининг ёнида қурилиши қанчалик қонуний эканлиги ҳақидаги масала кўтарилди.
Ижтимоий тармоқларда аҳоли зич яшайдиган ҳудудда қурилган АЁҚШлар Ўзбекистон Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлоновнинг қариндошларига тегишли экани ҳақида тасдиқланмаган маълумотлар тарқалди.
Исми сир қолишини сўраган фарғоналик тадбиркорлардан бирига кўра, у ерда юқори мансабдаги амалдорга тегишли экани айтиладиган бошқа муассасалар ҳам бор.
“Фарғонада 17 декабр куни портлаш содир бўлган бензин, пропан газ қуйиш шохобчалари Божхона қўмитаси раиси Мавлонов Акмалхўжанинг укасига тегишли. Заправканинг орқасидаги 1 гектарлик халқ тилида мебелний чойхона, заправка олдидаги трикотажний цех, 4-5 та янги қурилаётган домлар ҳаммаси ушбу шахсларга тегишли.
Мебелний чойхона вилоят туман прокурорларини, туман ҳокимларини, таможнийга раҳбарларни, хуллас жамики вилоят тадбиркорларининг масалаларини силлиқ ҳал қилиш жойи бўлиб қолган”.
Озодлик ушбу иддао юзасидан Ўзбекистон давлат божхона қўмитаси матбуот хизматига боғланишга уринди, аммо ҳозирча бирон изоҳ ололгани йўқ.
Озодликнинг Ўзбекистон юқори ҳокимиятидаги непотизмга доир суриштируви узоқ йиллар прокуратуранинг вилоят тизимларида ишлаган фарғоналик Акмалхўжа Мавлонов президент Мирзиёев хонадонига қуда эканини ўртага чиқарган.
Наманганда прокурор бўлган Мавлонов аввалига республика Бош прокурорига ўринбосар¸ сўнгра эса Давлат Божхона қўмитасига раис этиб тайинланган.
Айни пайтда портлаш саҳнаси тозаланиб, гўё ҳеч нарса содир бўлмагандек тозалаб қўйилган.
“Ажабо, бу жойда заправка бормиди? Тушингизга кирган”, дейилади сурат остидаги изоҳлардан бирида.