Ўзбекистонда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюм ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори К.С. ҳамда содир этилган жиноятларга алоқадор бўлган унинг бир нечта жиноий шериклари ҳибсга олинган. Бу ҳақда маълумот тарқатган Коррупцияга қарши курашиш агентлиги матбуот хизматига кўра, мазкур шахслар “ДОК-1 МАКС” ва “АМБРОНОЛ” сиропининг ножўя таъсири сабабли “ўткир буйрак етишмовчилиги” ташхиси билан болалар вафоти бўйича қўзғатилган жиноят иши тергови доирасида ушланган.
Аксилкоррупция агентлиги хабарномасидан бу ерда гап Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги раҳбари Сардор Кариев устида бораётгани ҳақида тахмин қилишга асос беради.
Хабарномада Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУКда ўтказилган ўрганиш якунларига кўра аниқланган жуда кўп миқдордаги молиявий хато ва камчиликлар ҳамда бюджет маблағларининг сарф қилинишида белгиланган талабларнинг қўпол равишда бузилганлик ҳолатлари бўйича жиноят иши қўзғатилгани, ҳозирда бу иш бўйича ДХХ тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани айтилган.
“Дастлабки тергов давомида сифатсиз дори воситаларини Ўзбекистонга импорт қилиб, истеъмолга чиқарилишига рухсат берган масъуллар доирасини аниқлаб, ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришга қаратилган комплекс тергов-тезкор ҳаракатлари ва тегишли экспертизалар ўтказилмоқда”, дейилган Аксилкоррупция агентлиги хабарномасида.
Ўзбекистонда “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан 20 нафар бола вафот этгани, ҳолат бўйича ДХХ Тергов бошқармаси томонидан “Quramax Medikal” МЧЖ ҳамда “Дори воситаларини стандартлаштириш илмий маркази” масъул шахсларига нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.
Кейинроқ мазкур дорини Ҳиндистондан олиб келган “Quramax Medikal” ширкатига берилган лицензия бекор қилинган.
Жорий йилнинг 18 январь куни Халқаро пресс-клубда бўлиб ўтган сессия чоғида соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосари Элмира Боситхонова “Док-1 Макс” препаратини қабул қилгани ортидан вафот этган болаларнинг оилаларига товон пули тўланиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди.