Фарзандини ноқонуний диний таълимга йўллаган ота-оналар жаримага тортилади

Иллюстратив сурат

Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда ўз фарзандини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этган ота-оналарга ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларга бундан буён базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда жарима солинади.

Бундай чора “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги қонунга киритилган қўшимчаларда кўзда тутилган.

Жорий йил 20 февралида имзоланган қонун билан ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз боласини шахсий эътиқодларига мувофиқ диний ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш ҳуқуқига эгалиги, улар томонидан ўз боласини қонунга хилоф равишда диний таълим олишга жалб этишга, яъни болани рўйхатдан ўтказилмаган ёки лицензияга эга бўлмаган ташкилотларга ёхуд махсус диний маълумотга эга бўлмаган ва диний ташкилотларнинг Ўзбекистон бўйича марказий бошқарув органининг рухсатисиз диний таълимни амалга ошираётган шахсларга диний таълим олиш учун топширишга йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Ўзбекистон Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига киритилган қўшимчага мувофиқ, фарзандини ноқонуний диний таълимга жалб этган ота-она биринчи марта жаримага тортилганидан кейин бир йил давомида бу ишни такроран содир этса, унга нисбатан БҲМнинг 10 бараваридан 15 бараваригача миқдорда жарима солиниши ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазосига тортилиши мумкин.

Ўзбекистон Олий Мажлис Сенати 20 февраль куни тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасида фуқароларнинг виждон эркинлигини таъминлаш ва диний соҳадаги давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаб, имзолаш учун президентга юборган.

Етти боб, 41 банддан иборат мазкур концепцияда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсад ва вазифалар белгиланган. Ҳужжатда, жумладан Ўзбекистонда диний соҳадаги давлат сиёсатининг мақсади фуқароларнинг виждон эркинлигига бўлган ҳуқуқларини амалга ошириш учун тенг шарт-шароитлар яратиш, турли динларга мансуб диний ташкилотлар ўртасида ўзаро муроса ва ҳурмат ўрнатилишига кўмаклашиш, конфессиялараро тотувликни мустаҳкамлаш ва жамиятда диний бағрикенгликни ва дунёвийликни таъминлашдан иборат экани қайд этилган.

Айни пайтда 35 миллиондан зиёд мусулмон яшайдиган Ўзбекистонда давлат саноқли диний таълим маскани билан аҳолининг, хусусан, диний таълимга эҳтиёж сезган ёшларнинг талабини қай йўл билан қоплаши номаълум бўлиб қолмоқда.