Пахтачилик фермерлар ҳокимни экин ерларини ўз танишларига тақсимлаб берганликда айблади

Самарқанд вилояти, Пахтачи туманидан Озодликка шикоят қилган бир гуруҳ фермерларнинг иддао қилишича, туман ҳокими экин ерларини асосан ўз танишларига тақсимлаб берган.

Уларнинг арз қилишича, қишлоқ хўжалиги ерларини мақбуллаштириш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори Пахтачи тумани ҳокими Воҳид Раҳимов томонидан бузилган ҳолда ижро этилмоқда.

Фермерлар иддаосича, тумандаги 95 фоиз ер тендер ўтказилмасдан, фақат туман ҳокими айтган одамларга бўлиб берилган, қолган беш фоиз ер учун эса тендер 3 февраль куни ўтказилган.

Ҳар бир лойиҳага 3-4 талабгор бўлган бу йиғилишда, фермерларга кўра, яна қоидалар қўпол равишда бузилиб, фақат ҳоким танлаган одамларга ер берилган.

Аммо, Туман ҳокими Воҳид Раҳимов фермерлар иддаоларини инкор қилди.

Пахтачи туманидан Озодликка мурожаат қилган тўрт нафар фермернинг айтишича, 3 февраль куни ҳокимликнинг мажлислар залида ўтказилган танлов адолатсиз, Вазирлар Маҳкамаси қарорининг талаблари бузилган ҳолда ўтган.

“Тендерда шаффофлик бўлмади”

“Гулистон олтин тупроғи”фермер хўжалиги раҳбари Хуршида Сувонованинг айтишича, тендерда фақат ҳокимнинг айтгани бўлган:

- Тендерга бордик, ҳоким ўзи айтди, бўлди. Депутатлар ҳам тасдиқлагани йўқ. Комиссия бизни ўрганиб чиқди, лекин неча балл олганимизни ҳам билмаймиз, қайси фермер ўз салоҳияти қанча эканлигини ҳам билмайди. Хуллас, ҳоким айтган одам ер оляпти, айтмагани қуруқ қоляпти, Шаффофлик, очиқлик йўқ, дейди фермер.

Хуршида Сувонованинг сўзларига кўра, туман ҳокими Воҳид Раҳимов фақат ўзига маъқул бўлган фермерларга ерни бўлиб берган:

- Вазирлар Маҳкамаси қарорида ажратилган ерга ноқонуний уй-жой қурган фермерларни тендерга қўймаслик ҳақида банди бор. Лекин, ҳоким мен билган шундай фермерларнинг ҳужжатини қабул қилиб, тендерга киргизди. Кўрсаткичи жуда паст бўлган фермерларни ҳам киргизди. Мен уларни ўзим билан солиштирдим. Маълумоти йўқ, етарли техникаси йўқ, планларни уч йиллаб бажармаганлар ҳам ер олди. Масалан, “Олтиариқ кўчатлари” фермер хўжалиги бунга мисол. Менга эса уч йил олдин 30 гектар боғни бузиб, пахта ва ғаллачиликка мослаштирган эдим. Ҳар йили режаларни бажариб келяпман, ўтган йили ҳоким 20 тонна режадан орттирган буғдойимни тўлмаган фермерлар учун деб, тортиб олган эди. Ҳозиргача унинг пулини олганим йўқ, дейди Хуршида Сувонова.

“Планни бажармаганлар ер олди, бажарганлар қолиб кетди”

“Чинор яқинидаги дарахт” фермер хўжалиги раҳбари Маҳсиддин Бекниёзов ҳам пахта ва ғалла режасини ортиғи билан бажариб келган бўлсада, адолатсиз тендерда “ютқазгани”ни айтади:

- Мен 2015 йилда 20 гектарга боғ қилган эдим, лекин 2016 йили уни буздириб пахта ва ғалла экасан дейишди. Ҳар йили режаларни ортиғи билан бажариб келдим. Ўтган йили биринчилардан бўлиб пахта планини тўлдирдим. Туман ҳокимлиги мукофот ҳам берди. Лекин тендерга келганда, бажармаганлар олиб, биз қолиб кетдик. Техникамиз етарли, ерни зўр қилиб қўйдик, лекин балл ҳисобланмади, ҳатто айтилмади ҳам, дейди Маҳсиддин Бекниёзов.

“Ҳоким нега фермер олган баллни очиқ айтишдан қўрқади?”

“Маҳмуд Азаматович” фермер хўжалиги раиси Иззатилло Хидировнинг айтишича, тендер бекинмачоқ ўйини бўлган:

- Тендерда талабгорларнинг баллари айтилмади. Агар, холис ва шаффоф бўлганида эди, мана сеники бундан икки бал паст, сабаби бунақа деса, биз ранжимай, ҳа шу эканда, деб кетардик. Ҳоким эса баллни айтмади ҳам, сен оласан, cен олмайсан деб ҳукм чиқарди. Депутатлар ҳар бир фермерга қўл кўтариб тасдиқлаши керак эди, лекин залга келган беш-олти депутат борлиги ҳам билинмади, қўл ҳам кўтармади. Масалан, “Яхши ният Шавқиддин” фермер хўжалиги ўтган йили планни бажармаган бўлса ҳам, ер олди. Адолат бўлмаяпти, адолат, деди Иззатилло Хидиров.

“ВМ қарори қўпол равишда бузилди”

“Шароф кўк тераги” фермер хўжалиги раҳбари ҳам Озодлик билан суҳбатда тендерда адолат бўлмаганини айтди.

Фермерлар муаммоси билан шуғулланадиган, исми сир қолишини сўраган ҳуқуқшунослардан бири, Озодлик билан суҳбатда Пахтачи тумани ҳокими Вазирлар Маҳкамасининг мақбуллаштириш ҳақидаги қарорини ўзбошимчалик билан бузаётганини мисоллар билан шарҳлади:

“Адлия вазирлигида 2005 йил 15 ноябрда 15/23 сон билан рўйхатдан ўтган “Фермер хўжаликлари учун ер участкаларини беришда танлов ғолибини аниқлаш бўйича” Низом бор. Шу Низомда талабгорларга балл қўйиш кўрсаткичлари бор. Бунда мутахассислиги, қишлоқ хўжалигида стажи, маълумоти, мол-мулки, техникаси, планни бажарганлиги, бизнес режаси бўйича фермерга маълум миқдорда бал берилади. Энди, мана шу баллар жамланиб, туман халқ кенгаши дпеутатлари мажлисига тақдим этилиши керак. Масалан, тўртта талабгор бўлса, ҳар бири чиқиб, ўз фикрини дастаклаши лозим. Кейин депутатлар талабгорнинг балли ва келтирган асосларига қараб овозга қўяди ва ким кўп овоз олса ўша тендер ғолиби бўлади. Депутатларнинг қарори асосида кейин туман ҳокими қарор чиқариши керак. Қонуний тартиби шундай”.

Лекин, дейди ҳуқуқшунос Пахтачи тумани ҳокими бу қоидаларнинг бирортасига ҳам амал қилмаган:

“Ҳоким комиссия раиси сифатида Вазирлар Маҳкамасининг қишлоқ хўжалиги ерларини мақбуллаштириш ҳақидаги қарорини ана шу Низомдан оғишмай бажариши керак эди. Фермерларнинг норози бўлган жойи шундаки, ҳеч кимга қанча балл олгани айтилмаган. Ерни олган ғолибни ҳам, еридан жудо бўлганнинг ҳам балини айтмаяпти, бўлди, бу лойиҳа бўйича бу ер сеники, бу фалончиники, деяпти. Норозиларга, келишиб ишланглар, деяпти. Битта ерда иккита хўжайин бўлмайди. Улар қандай келишиб ишлайди. Адолатсизлик фермерлар кўз ўнгида бўляпти, планни бажармаган, техникаси кам ёки ўрта маълумотли одамлар ерли бўлиб қоляптию, планни бажариб келган, балли юқори бўлган фермерлар қолиб кетяпти”, дейди ҳуқуқшунос.

Айни пайтда, Пахтачи тумани ҳокими 3 февралда ўтказган тендердан 28 нафар фермер норози эканлиги айтилади.

Озодлик 8 февраль куни Пахтачи тумани ҳокими Воҳид Раҳимов билан боғланиб, фермерларнинг тендер адолатсиз ўтганлиги ҳақидаги фикрларига муносабат сўради.

Ҳоким бу ҳақда телефон орқали маълумот беролмаслигини айтди:

- Шу ерга келинг, ҳамма шароитни кўрсатамиз, кимнинг қанча техникаси бор, қанақа салоҳияти борлигини кўрасиз. Фермерлар қанча балл олганини яхши билади, - деди ҳоким ва алоқани узиб қўйди.

9 январда "Фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш ҳамда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида" ҳукумат қарори қабул қилинган эди.

Қарорга кўра, пахтачилик ва ғаллачилик йўналишидаги қишлоқ хўжалиги корхоналари ер участкалари майдонларининг энг кам ўлчами – 100 гектар, ғаллачилик ва сабзавотчилик 20 гектар, боғдорчилик ва узумчилик 10 гектар қилиб белгиланган.

Аммо, фермерларга кўра, аксарият ҳудудларда кимга ер бериш ёки бермасликни ишчи гуруҳнинг раиси бўлган туман ҳокими ҳал қилмоқда.